Ўзбекистон 11 ойда олтин экспорти бўйича тарихий рекорд ўрнатди
Ўзбекистон 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида 9,9 млрд доллардан ортиқ олтин экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49,4 фоизга кўпдир. Олтин умумий экспортнинг қарийб учдан бир қисмини, товар экспортининг эса 41,6 фоизини ташкил этди.

Ўзбекистон 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида рекорд миқдорда олтин экспорт қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.
Ноябрь ойида мамлакат олтин экспортини тўлиқ тўхтатди. Бу 2025 йил давомида Марказий банк қимматбаҳо металлни сотмаган тўртинчи ой бўлди. Хусусан, январь, июнь, октябрь ва ноябрь ойларида олтин экспорти амалга оширилмаган.
Қолган ойларда олтин экспорти ҳажми қуйидагича бўлди:
- февраль — 1,73 млрд доллар
- март — 1,84 млрд доллар
- апрель — 1,91 млрд доллар
- май — 1,01 млрд доллар
- июль — 1,09 млрд доллар
- август — 836 млн доллар
Январь–ноябрь ойларида олтин экспорти умумий ҳажми 9,9 млрд доллардан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49,4 фоизга ўсди. Натижада олтин умумий экспортнинг қарийб учдан бир қисмини, товар экспортининг эса 41,6 фоизини ташкил этди.
Шу тариқа, 11 ойда олтин экспорти 2023 йилда қайд этилган аввалги тарихий максимум — 8,15 млрд долларлик кўрсаткичдан сезиларли даражада ошди.
Бундан аввал ноябрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳам рекорд даражада ошгани хабар қилинган эди. 1 декабрь ҳолатига кўра, Марказий банк захиралари 61,23 млрд долларни ташкил этиб, бир ойда 1,89 млрд долларга (3,2 фоиз), йил бошидан буён эса қарийб 48 фоизга кўпайди. Бу статистик кузатувлар бошланганидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шунингдек, Навоий конь-металлургия комбинати (НКМК)нинг молиявий кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада яхшиланди. Компаниянинг соф тушуми 40,9 фоизга ошиб, 4 млрд 715 млн долларга етди. Бу НКМК тарихидаги энг юқори натижа сифатида қайд этилди.
Ҳисобот даврида компаниянинг соф фойдаси 1 млрд 515 млн долларни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 633 млн долларга ёки 71,8 фоизга кўпдир.









