Навоий кон-металлургия комбинати биринчи ярим йилликда $1,5 млрд соф фойда олди
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 633 млн долларга ёки 71,8 фоизга кўпдир. Мазкур натижа жаҳон бозорида олтин нархининг 2025 йилда кетма-кет рекорд даражага чиқиши билан боғламоқда.

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (НКМК) 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун молиявий ҳисоботини тақдим этди. Унга кўра, компания соф фойда, тушум ва активларда сезиларли ўсишга эришган.
Ҳисобот даврида компаниянинг соф фойдаси 1 млрд 515 млн долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 633 млн долларга ёки 71,8 фоизга кўпдир.
Мазкур натижа жаҳон бозорида олтин нархининг 2025 йилда кетма-кет рекорд даражага чиқиши билан боғламоқда. Шунингдек, олтин иккинчи ярим йилликда ҳам юқори нархларда савдоланаётгани инобатга олинса, НКМК соф фойдаси кейинги чоракларда ҳам кескин ўсишда давом этиши кутилмоқда.
Компаниянинг соф тушуми 40,9 фоизга ошиб, 4 млрд 715 млн долларга етди. Бу кўрсаткич НКМК тарихидаги энг юқори натижа сифатида қайд этилди. EBITDA эса 3,06 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 51,7 фоизлик ўсиш кузатилди.
Молиявий балансда ҳам ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Компания активлари бир йил ичида 15,1 фоизга кўпайиб, 10,2 млрд долларга етди. Шундан жами капитал 5,3 млрд доллар, мажбуриятлар эса 4,9 млрд долларни ташкил этди.
Аввалроқ Pinkod НКМК Ўзбекистон ва Буюк Британияда иккита IPO ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзган эди.
Давлат корхонаси қарзларни ҳам ҳисобга олган ҳолда тахминан 20 миллиард долларлик баҳолашга эришишни кутмоқда.