Олтин нархи яна кўтарилмоқда
15 июнь куни олтиннинг бир троя унцияси нархи 3 452 долларгача кўтарилди. Марказий банк муомалага чиқарган олтин қуймалари эса май ойидан бери энг юқори даражага етди.

Эрон ва Исроил ўртасидаги геосиёсий кескинлик фонида инвесторлар хавфсиз актив сифатида олтинга бўлган талабни оширмоқда. Бу эса олтин нархининг яна ошишига олиб келди.
15 июнь куни олтиннинг бир троя унцияси 3 452 долларгача кўтарилди. Бу — апрель ойида қайд этилган 3 500 долларлик рекорд даражага яқин. Шу куни 1 грамм олтиннинг глобал бозор нархи қарийб 110 долларга тенглашди.
Хабар нашр қилинаётган пайтда олтин нархи бир троя унция учун $3 417 ни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ, Goldman Sachs ўз прогнозини янгилаб, олтин нархи йил якунига қадар $3 700 га етишини маълум қилган эди.
Ўзбекистон бозорида олтин қуйма нархлари
Глобал бозордаги ўзгаришлар Ўзбекистон ички бозорида ҳам сезилмоқда. 2025 йил 16 июнь ҳолатига кўра, ўлчовли олтин қуймаларининг нархи яна ошди. Марказий банк маълумотларига кўра:
- 1 грамм – 1 445 400 сўм
- 5 грамм – 7 227 000 сўм
- 10 грамм – 14 454 000 сўм
- 20 грамм – 28 909 000 сўм
- 50 грамм – 72 272 000 сўм
- 100 грамм – 144 544 000 сўм
Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш имконияти мавжуд. Банкларнинг манзиллари ва батафсил маълумотларни Марказий банк расмий сайтидан топиш мумкин