Олтин нархи сезиларли даражада пасайди
Жумладан, троя унцияси учун олтин нархи $3 500 дан $3 281 гача пасайди.
Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 100 граммлик олтин қуйма нархи эса максимал қийматга нисбатан 7,2 миллион сўм ёки 4,8 фоизга арзонлашди.
Бунинг асосий сабаби нимада?

Олтин нархи ўзининг рекорд даражасидан, троя унцияси учун $3 500 дан $3 281 гача пасайди. Бу ҳолат АҚШ президенти Доналд Трампнинг Федерал Резерв тизими (ФЕД) раисини ишдан бўшатиш режалари йўқлигини билдиргани ҳамда Хитой билан тарифлар борасида ижобий силжишлар мавжудлигини маълум қилганидан сўнг юз берди.
Бундан ташқари, аввалроқ олтин харид қилган инвесторлар нархлар кўтарилган пайтда фойдани реализация қилишга ҳаракат қилгани сўнгги беш йилликдаги энг йирик олтин сотувларига сабаб бўлди.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, жорий йилда ва сўнгги 12 ой ичида нархларнинг кескин ошганини инобатга олганда, бу пасайиш кутилган ва табиий тузатиш ҳисобланади.

Гарчи фойда реализацияси туфайли бозорда босим кучайган бўлса-да, экспертлар узоқ муддатли ўсиш тенденцияси ҳануз сақланиб қолаётганини таъкидлашмоқда. Олтиннинг энг паст савдо даражаси $3 260 ни ташкил этди, бу кунлик 3 фоизлик пасайишни англатади. Хабар тайёрланаётган вақтда ҳолат бироз яхшиланиб, олтин унцияси $3 328 даражасида савдо қилинмоқда. Бир грамм соф олтин эса $107 атрофида баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда олтин нархлари
Халқаро бозордаги ўзгаришлар фонида, Ўзбекистондаги олтин нархлари ҳам пасайишни бошлади. Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган олтин қуймаларнинг нархи қуйидагича ўзгарди:
- 5 грамм — 7 107 000 сўм (аввалги максимум: 7 467 000 сўм)
- 10 грамм — 14 214 000 сўм
- 20 грамм — 28 429 000 сўм
- 50 грамм — 71 071 000 сўм
- 100 грамм — 142 143 000 сўм (аввалги рекорддан 7,2 млн сўм ёки 4,8% кам)
Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш имконияти мавжуд. Банкларнинг манзиллари ва батафсил маълумотларни Марказий банк расмий сайтидан топиш мумкин.