Кичик бизнес учун гаровсиз микрокредит лимити 200 миллион сўмгача оширилади
Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун кредит олиш жараёнини соддалаштириш мақсадида ягона рақамли молиявий платформа ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Платформа орқали тадбиркорлар бир нечта банк таклифларини солиштириб, ўзига мақбул шартларни танлай олади. 2026 йил 1 декабрдан эса унда сунъий интеллектга асосланган муқобил скоринг модели жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда тадбиркорлар учун кредит олиш жараёнини соддалаштириш, банк хизматларига кириш имкониятини кенгайтириш ва молиялаштиришда рақамли ечимлардан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар портфели 218 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизига тенг. Шу билан бирга, таъминотсиз онлайн микрокредитлар улуши ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. Бундай кредитларни ажратиш жараёни ўртача 7 кунгача вақт олади.

Тадбиркорлар учун яна бир муаммо — кредит олишда турли банкларнинг таклифларини бир жойда кўриш, солиштириш ва ўзига мақбул шартларни танлаш имконияти йўқлиги экани қайд этилди.
Шу боис рақамли молиявий платформани ишга тушириш таклиф қилинди. Платформа орқали тадбиркор кредит олиш учун ариза юборади, бир нечта банкдан тижорат таклифларини олади ва уларни таққослаб, ўзига қулай вариантни танлайди.
Платформа “Электрон ҳукумат” тизимидаги рақамли маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Кичик ва ўрта бизнес субъектларига оид маълумотлар автоматик шакллантирилиб, банкларга тақдим этилади. Бу ҳужжат йиғиш, ортиқча вақт сарфлаш ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб платформа доирасида сунъий интеллект технологиялари асосида муқобил скоринг модели жорий этилади. Анъанавий скоринг асосан кредит тарихига таянса, янги модель бизнес фаоллиги, коммунал тўловлар, айланмалар, солиқ ва бошқа рақамли маълумотларни ҳам ҳисобга олади.
Бу кредит тарихи мавжуд бўлмаган тадбиркорларни ҳам баҳолаш ва уларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради.
Келгусида сунъий интеллект асосида тадбиркорнинг кредит тарихини яхшилаш, эҳтимолий хатарларни баҳолаш ҳамда бизнесни ривожлантириш бўйича тавсиялар шакллантириш имконияти ҳам яратилади.

Тижорат банклари томонидан “AI маслаҳатчиси” дастурини ишга тушириш ҳам режалаштирилмоқда. Дастур маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва ўсиш нуқталарини ҳисобга олган ҳолда бизнес ғояларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни молиялаштириш имкониятларини аниқлашга кўмаклашади.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ҳам қўшимча енгилликлар белгиланмоқда. Аввал микрокредитдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга тадбиркорлар учун микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади.
Бундан ташқари, кредит ёки лизинг миқдоридан қатъи назар, унинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми учун фоиз харажатлари компенсация қилинади.
Ҳар йили фаолиятини кенгайтирган ва юқори натижа кўрсатган 100 та тадбиркорлик субъектига рақамлаштириш, халқаро стандартлар ва “яшил” технологияларни жорий этиш билан боғлиқ харажатлар учун 300 миллион сўмгача грант ажратиш таклиф этилди.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, кредит тарихига эга бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ке









