Goldman Sachs 2025 йил охири учун олтин нархи прогнозини 3 100 долларга оширди
Банкнинг февраль ойидаги прогнозлари анча оптимистик бўлиб, турли омиллар натижасида нарх бундан-да юқорига кўтарилиши мумкин.

2025 йил 17 февраль ҳолатига кўра, Goldman Sachs (Американинг трансмиллий инвестиция банки ва молиявий хизматлар компанияси – таҳр.) йил охиригача троя унция учун олтин нархи прогнозини 2 890 доллардан 3 100 долларга оширди. Бу оптимистик ёндашув марказий банкларнинг доимий харидларига асосланган бўлиб, мазкур омил йил охирига бориб олтин нархига 9% қўшимча ўсиш олиб келиши мумкин.
Аввалроқ, 2025 йил январида, Goldman Sachs прогнозни 3 000 доллардан 2 910 долларга пасайтирган эди. Февраль ойидаги 3 100 долларлик янгиланиш эса бу қарордан воз кечиш ва аксинча, геосиёсий ноаниқлик ва марказий банкларнинг фаол харидлари натижасида прогнозни қайта кўтариш билан изоҳланади.
Олдинги прогнозлар:
Сана | Йил охири учун прогноз | Аввалги прогноз |
2024 йил октябрь | 3 000 | — |
2025 йил январь | 2 910 | 3 000 |
2025 йил февраль | 3 100 | 2 890 |
Асосий омиллар
1. Марказий банкларнинг талаб ҳажми:
Олдин 41 тонна ойлик харид прогноз қилинган бўлса, энди 50 тонна деб қайта баҳоланмоқда. Агар марказий банклар ойига 70 тонна олтин харид қилса, нарх йил охирига қадар 3 200 долларга етиши мумкин.
2. ETF (биржа фондлари) инвестициялари:
Фоиз ставкаларининг пасайиши ETF’ларга бўлган талабни ошириши мумкин. Агар инвесторлар позицияларини нормаллаштирса ҳам, ETF талаби бозорни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
3. Сиёсий ноаниқлик:
Агар тарифлар ва сиёсий беқарорлик давом этса, Goldman Sachs олтин нархи 3 300 долларга етишини тахмин қилмоқда. Агар АҚШ давлат қарзи ва фискал сиёсати бўйича хавотирлар ортса, олтин нархи 2025 йил декабрига қадар 3 250 долларга чиқиши мумкин.
Маълумот учун, олтин нархи 20 февралда биринчи маротаба бир троя унция учун 2 950 долларга етиб, яна бир тарихий рекордни ўрнатди. Айни пайтда нарх 2 945 долларни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонда мазкур хабар тайёрланаётган пайтда олтин қуймалари бир грамм учун 1 млн 257 минг сўмдан сотилмоқда. Энг кичик ҳажмли қуйма (5 гр) 6 млн 287 минг сўм бўлса, 17 январдан бошлаб сотувга чиқарилган 100 граммлик қуйма нархи эса 125 млн 739 минг сўмни ташкил қилмоқда.