Эндиликда телефон рақами орқали бошқа банкдаги ҳисобвараққа пул ўтказиш мумкин бўлади
Ўзбекистонда жисмоний шахслар бошқа банкдаги ҳисобвараққа карта рақамини киритмасдан, телефон рақами орқали пул ўтказа олади.
Ўтказмалар Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали 24/7 режимида ва реал вақтнинг ўзида амалга оширилади. Янги тартиб 26-ноябрдан кучга киради.

Марказий банк Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида мобил телефон рақами асосида пул ўтказиш қоидаларини тасдиқлади. Ҳужжат 24 август куни Адлия вазирлигида 3930-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва 26 ноябрдан кучга киради.
Янги тизимда пул қабул қилувчининг мобил телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланади. Шундан кейин унга маблағ юбориш учун ҳисобварақ ёки пластик карта реквизитларини билиш талаб қилинмайди. Бунинг учун телефон рақамини киритишнинг ўзи кифоя бўлади.
Бунда телефон рақами ҳисобварақ эгасининг ўз номида расмийлаштирилган бўлиши ва банк мобил иловасида рўйхатдан ўтган рақам билан мос келиши керак. Боғлаш Bank депозиторларининг миллий ахборотлар базаси орқали амалга оширилади. Ҳар бир боғланган ҳисобварақ учун алоҳида “боғлаш коди” ҳам шакллантирилади.
Бир банк доирасида битта телефон рақамини фақат битта ҳисобвараққа боғлаш мумкин. Бироқ бир хил рақам турли банклардаги ҳисобварақларга боғланган бўлиши мумкин.
Бундай вазиятда Тезкор тўловлар тизими жўнатувчига пул олувчининг ҳисобварақлари мавжуд банклар ҳақидаги маълумотларни чиқаради ва жўнатувчи керакли банкни танлайди.
Шундан кейин тизим танланган банкдаги ҳисобварақ реквизитларини автоматик шакллантиради. Пул жўнатишдан олдин фойдаланувчига ўтказма суммаси, олувчининг Ф.И.Ш., унинг банки ҳамда операция учун олинадиган комиссия кўрсатилиши шарт. Ўтказма фақат фойдаланувчининг якуний тасдиғидан кейин амалга оширилади.
Телефон рақамини ҳисобварақдан исталган вақтда мобил илова орқали ёки банкка мурожаат қилиб узиш мумкин.
Банк айрим ҳолатларда боғланишни мижознинг алоҳида топшириғисиз ҳам бекор қилиши мумкин. Масалан, телефон рақами бўйича мобил оператор билан шартнома бекор қилинганда, мижоз иловада бошқа рақамга ўтганда ёки аккаунт ўчирилиши бунга сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда банк мижозни кейинги иш кунидан кечиктирмай хабардор қилиши керак.
Мобил иловалар орқали ўтказмалар Тезкор тўловлар тизимида реал вақт режимида ва 24/7 амалга оширилади. Банклар операциялар учун шартномада назарда тутилган комиссияни олиши мумкин, Марказий банк эса молиявий хатарларни камайтириш мақсадида бундай ўтказмаларга лимитлар белгилаш ҳуқуқига эга.









