Доллар курси қарийб 12 300 сўмгача тушди: бунинг сабаблари нимада?
Ўзбекистонда доллар курси кетма-кет тўртинчи сессияда пасайиб, 12 305,9 сўмгача тушди. Бундай кўрсаткич охирги бор 2023 йил декабрь ойи бошида қайд этилган эди. Хўш, курснинг бу даражада пасайишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

Ўзбекистонда доллар курси кетма-кет тўртинчи сессияда пасайишда давом этмоқда. 26 август куни амал қиладиган доллар курси 51,29 сўмга пасайиб, 12 305,80 сўмни ташкил қилди.
Бу сўнгги икки йилда қайд этилган энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бундай кўрсаткич охирги маротаба 2023 йилнинг декабрь ойи бошида кузатилган эди.
Охирги тўртта сессияда доллар курси 219 сўмга пасайди. Йил бошидан буён эса миллий валюта долларга нисбатан 600 сўмга мустаҳкамланди.
Бунга нима сабаб бўлмоқда?
Сўнгги кунлардаги асосий тенденция шундаки, сўм Марказий банк эълон қиладиган валюталар ичида фақат Аргентина песосига нисбатан қадрсизланиб, қолган барча валюталарга нисбатан мустаҳкамланмоқда. Жумладан, долларга нисбатан 0,7 фоизга, еврога нисбатан 0,9 фоизга, швейтсария франкига нисбатан 0,8 фоизга ва япон иенасига нисбатан 1 фоизга кучайди.
Бу ҳолат Ўзбекистон иқтисодиётидаги ички омиллар таъсирида юз бермоқда. Масалан, июль ойида мамлакат 1,09 миллиард долларлик олтин экспортини амалга оширди. Шу билан бирга, йилнинг дастлабки етти ойлик экспорт ҳажми бутун 2024 йилдаги кўрсаткичдан ҳам ошиб кетди.
Бундан ташқари, Марказий банкнинг маълумотига кўра, меҳнат муҳожирлари юборган пул ўтказмалари иккинчи чоракда 4,8 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 фоизга ошган. Ўсиш тенденцияси давом этаётганини ҳисобга олсак, учинчи чоракда ҳам пул ўтказмалари аввалги йилга нисбатан юқорироқ бўлиши кутиш мумкин. Бу эса ўз навбатида миллий валютани мустаҳкамловчи омил сифатида таъсир кўрсатмоқда.
Доллар энди тушиб кетадими?
Бироқ доллар курси бундан кейин ҳам пасайишда давом этадими, деган саволга ҳозирча аниқ жавоб бериш қийин. Иқтисодчи Миркомил Холбоэвнинг таъкидлашича, глобал факторлар таъсирини доллар индекси ва рубль курси орқали баҳолаш мумкин.
Сўнгги 10 сессия давомида доллар индекси 0,7 фоизга пасайган бўлса, рубль 0,3 фоизга мустаҳкамланган. Бу жараён сўмнинг мустаҳкамланишига кечиккан (лаг) таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Лекин сўнгги беш сессияда тескари тенденция кузатилмоқда: доллар 0,1 фоизга мустаҳкамланган, рубль эса 0,7 фоизга қадрсизланган. Бу эса сўм учун пасайтирувчи омил сифатида бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис, ҳозирча доллар курси изчил пасайишда давом этади, деб қатъий хулоса қилишга эрта.