12 141.940 so‘m

increase

26.970

14 289.850 so‘m

increase

29.320

162.630 so‘m

increase

0.560

12 141.940 so‘m

increase

26.970

6 соат аввал
Банк
39

Банклар эндиликда 175 млн сўмдан юқори операцияларда мижозларни текширишни кучайтиради

Ҳужжат билан банклар эндликда ҳисобварақ очмасдан амалга ошириладиган 175 млн сўмдан юқори айрим операцияларни назорат қилади. Амалдаги тартибга кўра бу миқдор 206 млн сўмни ташкил қилар эди. Янги тартиб 2026 йил 9 августидан бошлаб кучга киради.

Банклар эндиликда 175 млн сўмдан юқори операцияларда мижозларни текширишни кучайтиради
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистонда тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Адлия вазирлигида 8 май куни рўйхатдан ўтказилган ҳужжатга кўра, банклар томонидан айрим йирик операциялар бўйича мижозларни лозим даражада текшириш ва транзаксияларни кузатиш талаблари аниқлаштирилмоқда.

Хусусан, банк ҳисобварағи очилмасдан ёки ундан фойдаланмасдан амалга ошириладиган операциялар бўйича мезон ўзгартирилади. Амалдаги БҲМнинг 500 баравари ўрнига қатъий 175 млн сўм миқдоридаги чегара белгиланмоқда. Ушбу суммадан ошган операциялар бўйича банклар мижозни лозим даражада текшириши керак бўлади.

Шунингдек, ҳужжатда эскроу ҳисобварақлар орқали амалга оширилган кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича операциялар алоҳида истисно сифатида белгиланмоқда. 

Хусусан, банк карталари ёки электрон ҳамёнлар орқали 30 кун ичида йирик суммадаги маблағлар ўтказилиши ёки келиб тушиши одатда шубҳали операция мезонларига киради. Бироқ кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича эскроу ҳисобварақлар орқали расмийлаштирилган операциялар ушбу мезондан мустасно қилинади.

Ҳужжат билан пул ўтказмаларида жўнатувчи ва олувчи ҳақидаги маълумотлар таркиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Жўнатувчи бўйича унинг номи, манзили, СТИР ёки мижоз идентификация рақами, ҳисобварақ рақами ёки операцияни кузатиш имконини берувчи хос рақам кўрсатилиши керак. Жисмоний шахслар учун эса исм-фамилия, отасининг исми, паспорт ёки ИД-карта маълумотлари, туғилган санаси ва яшаш жойи ҳам талаб қилинади.

Ички тўловлар ва пул ўтказмалари бўйича ҳам алоҳида талаб белгиланмоқда. БҲМнинг 28 бараварига тенг ёки ундан ошган суммадаги ички тўлов ва ўтказмаларда жўнатувчи ҳамда олувчи ҳақидаги маълумотлар халқаро пул ўтказмаларидаги каби акс эттирилиши керак бўлади.

Банклар банк картаси орқали товар ёки хизматлар учун тўлов амалга оширилганда карта рақамини жўнатувчи молиявий муассасадан олувчи молиявий муассасагача кузатиб бориш имкониятини таъминлаши шарт. Шунингдек, мамлакат ичида ва хорижда нақд пул ечиб олиш билан боғлиқ операцияларда ҳам банк ҳисобварағи ёки карта рақами ҳақидаги маълумотлар тақдим этилиши керак.

16 ёшга тўлмаган шахснинг ҳисобварағидан икки иш куни давомида БҲМнинг 40 бараваридан ортиқ суммадаги маблағларни кирим қилиш, чиқим қилиш ёки ечиб олиш билан боғлиқ операциялар шубҳали операциялар қаторига киритилмоқда.

Бундан ташқари, 30 кундан ошмаган муддат давомида БҲМнинг 1000 бараварига тенг ёки ундан ошадиган маблағларнинг FATF томонидан кучайтирилган мониторинг остидаги давлатлардан келиб тушиши ёки бундай давлатларга ўтказилиши ҳам шубҳали операция сифатида баҳоланади.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақларидан товарлар импорти учун чиқарилган хорижий валюта бўйича шартнома предмети хизмат кўрсатишга ўзгартирилса ёки дебитор қарздорлик хизмат кўрсатиш орқали сўндирилса, унинг қиймати БҲМнинг 5000 бараварига тенг ёки ундан ошган ҳолларда бундай операция ҳам шубҳали деб қаралади.

Шубҳали операциялар бўйича банклар махсус ваколатли давлат органига хабар юборганидан сўнг 10 иш кунидан ошмаган муддатда комплекс таҳлил чораларини кўриши керак бўлади. 

Бунда операция иштирокчилари, маблағларнинг келиб чиқиш манбалари, транзаксия тузилмаси, географияси, вақти ва ҳажми, шунингдек томонлар ўртасидаги аффилланганлик ёки бенефициар боғлиқликлар ўрганилади.

Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+