Apple 2025 йилнинг учинчи фискал чорагини $94 млрд даромад билан якунлади
Apple 2025 йилнинг учинчи фискал чорагида $94,04 млрд даромад ва 23,43 млрд соф фойда олди. Компания биргина iPhone савдосидан $44,58 млрдлик тушум олди.

Apple компанияси 2025 йилнинг учинчи фискал чорагини $94,04 млрд даромад билан якунлади. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга юқори. Бу ҳақда MacObserver нашри хабар берди.
Соф фойда эса $23,43 млрдга етди. Ҳар бир акция учун даромад $1,57 ни ташкил этиб, йил давомида 12 фоизлик ўсишни қайд этди.
Ушбу натижалар Wall Street прогнозларидан анча юқоридир. Таҳлилчилар Apple даромадини $89,22 млрд атрофида бўлади деб баҳолашганди.
Даромаддаги асосий ўсишга iPhone сотувидаги кучли суръат сабаб бўлди. Apple ушбу чоракда iPhone савдосидан $44,58 млрдлик тушум олди, бу ўтган йилга нисбатан $5 млрдга кўпдир.
Mac компьютерлари ҳам барқарор ўсишда давом этиб, $8,05 млрд даромад келтирди. Хизматлар сегменти эса $27,42 млрд билан компания тарихидаги энг юқори чораклик натижага эришди. Шу билан бирга, iPad сотуви бироз пасайиб, $6,58 млрдни ташкил этди. Кийиладиган қурилмалар, уй маҳсулотлари ва аксессуарлар йўналишидаги даромад эса $7,4 млрд бўлди.
Apple бош директори Тим Кук компаниянинг июнь чорагидаги ютуқларини қуйидагича изоҳлади:
“Бугун Apple iPhone, Маc ва хизматлар сегментларида икки хонали ўсиш билан тарихий натижаларга эришганини фахр билан эълон қилади. Биз ҳар бир минтақада, бутун дунё бўйлаб ўсишни кузатдик”.
Молиявий ҳисоботга кўра, чорак давомида Апплеънинг ялпи фойдаси 43,72 миллиард долларни, операцион фойдаси эса $28,2 млрдни ташкил этди. Илмий-тадқиқот ишлари учун $8,86 млрд, маъмурий ва савдо харажатлари учун эса $6,65 млрд сарфланди.
Минтақавий кўрсаткичлар ҳам барқарор ўсишни тасдиқлади. Америка бозори $41,2 млрд, Европа $24 млрд, Катта Хитой $15,4 млрд, Япония $5,78 млрд доллар ва Осиё-Тинч океани минтақаси $7,67 млрд доллар даромад келтирди.