Анорбанк ва Uzum bank биринчи ярим йилликда соф фойдасини сезиларли оширди
2025 йилнинг биринчи ярмида Анорбанк эса 102,2 млрд сўм, Uzum bank эса 30,4 млрд сўм соф фойда олди.
Uzum bank ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фойдасини 264,4 фоизга оширган бўлса, Анорбанкнинг натижалари 160 фоизга ўсди.

Банкларнинг 2025 йилнинг январь–июнь ойларига оид молиявий ҳисоботларига кўра, Анорбанк ва Uzum bank соф фойда кўрсаткичларида сезиларли ўсишга эришди.
Анорбанк
2025 йилнинг январь–июнь ойларида Анорбанк 102,2 млрд сўм соф фойда қайд этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 160 фоизга ёки 62,9 млрд сўмга кўпроқдир. Ўтган йилнинг биринчи ярмида банкнинг соф фойдаси 39,3 млрд сўмни ташкил қилган эди.
Банкнинг фоизли даромадлари 139,8 фоизга ўсиб, 1,4 трлн сўмни ташкил қилди. Фоизсиз даромадлар эса 18 фоизга ошиб, 338,2 млрд сўмга етди.
Активлар ҳажми йил бошига нисбатан 82,1 фоиз ўсиб, 12,6 трлн сўмга етди.
1 июль ҳолатида кредит портфели 8,4 трлн сўмни ташкил этиб, унинг 3,8 фоизи ёки 315 млрд сўми муаммоли кредитлардан иборат бўлди.
Шунингдек, Анорбанк муомаладаги банк карталари сонини эса 3,4 миллион донага етказди.
Uzum bank
2025 йилнинг биринчи ярмида Uzum bank 30,4 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 264,4 фоизга ёки 22,1 млрд сўмга кўпдир. Маълумот учун, 2024 йилнинг мос даврида банкнинг соф фойдаси 8,35 млрд сўмни ташкил этган эди.
Ҳисобот даврида банкнинг фоизли даромадлари 90,5 фоизга ошиб, 25,3 млрд сўмга етди. Фоизсиз даромадлар эса 286,3 фоизга ўсиб, 549,7 млрд сўмни ташкил этди.
Банк активлари 136,5 фоизга кўпайиб, 1,3 трлн сўмга етган бўлса, капитали 61,5 фоиз ўсиб, 683,9 млрд сўмни ташкил этди.
1 июль ҳолатига кўра, Uzum bank’нинг кредит портфели 107 млрд сўмни ташкил қилиб, унда ҳозирча муаммоли кредитлар (NPL) мавжуд эмас.
Шунингдек, 1 август ҳолатига банк томонидан чиқарилган муомаладаги карталар сони 2,2 миллион донага етди.