2025 йилда сўм долларга нисбатан сезиларли мустаҳкамланди. 2026 йилда нима бўлади?
2025 йилда сўм долларга нисбатан қарийб 7 фоизга мустаҳкамланди. Бунга глобал миқёсда доллар қадрсизланиши, олтин-валюта захираларининг рекорд даражага етиши ва ички валюта оқимининг ортиши сабаб бўлди. 2026 йилда сўм курси яна кўтариладими ёки ҳозирги даражада сақланиб қоладими?

2025 йил Ўзбекистон иқтисодиёти учун миллий валюта — сўмнинг АҚШ долларига нисбатан сезиларли даражада мустаҳкамланиши билан йодда қолди.
Йил бошида 1 АҚШ доллари 12 904,91 сўмни ташкил этган бўлса, йил якунига келиб курс 12 025,33 сўмгача пасайди. Шу тариқа, сўм бир йил давомида долларга нисбатан 879,6 сўм ёки 6,8 фоизга мустаҳкамланди. Энг паст курс эса йил давомида 11 880 сўм атрофида қайд этилди.
Сўмнинг мустаҳкамланишига нима сабаб бўлди?
Биринчи навбатда, доллар нафақат сўмга, балки бошқа етакчи валюталарга нисбатан ҳам қадрсизланди. Хусусан, йил давомида доллар еврога нисбатан 14 фоизга, фунт стерлингга нисбатан эса 8 фоизга заифлашди. Умуман олганда, АҚШ долларининг глобал индекси (ДХЙ) йил давомида 9,6 фоизга пасайди. Бу кўрсаткич 2017 йилдан буён кузатилган энг паст даража ҳисобланади.
Бироқ сўм мустаҳкамланишини фақат ташқи омиллар билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Ўзбекистон ички иқтисодий кўрсаткичларининг ижобий динамикаси ҳам муҳим роль ўйнади.
Олтин валюта захиралари
Хусусан, 2025 йил ноябрь ойига келиб мамлакатнинг халқаро олтин-валюта захиралари тарихда илк бор 61,2 млрд долларга етди. Захираларнинг асосий қисмини ташкил этувчи олтиннинг қиймати ҳам рекорд даражага чиқди — бир ой ичида қимматбаҳо металл қиймати қарийб 3 млрд долларга ошиб, 50,86 млрд долларга етди. Таққослаш учун, йил бошида олтин захиралари 32 млрд долларни ташкил этган эди.
Халқаро пул ўтказмалари ва валюта таклифининг ортиши
Шунингдек, январь–ноябрь ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 17,3 млрд долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ёки 3,5 млрд долларга ошди.
Айни даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган хорижий валюта ҳажми 19,4 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баравар кўп. Шу билан бирга, аҳоли томонидан сотиб олинган хорижий валюта ҳажми 10,6 млрд долларни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга юқори бўлди.
Натижада, жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи талабдан 8,7 млрд долларга кўп бўлди.
Ташқи савдо айланмаси рекорди
2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72,8 млрд долларни ташкил этди. Шундан экспорт 30,9 млрд долларни, импорт эса 41,9 млрд долларни ташкил қилиб, йил давомида мос равишда 26,2 ва 18,7 фоизга ўсди.
Бундан ташқари, Марказий банк томонидан валюта бозорида сўм ва доллар курси учун кенгроқ коридор жорий этилгани ҳам муҳим омиллардан бўлди. Йил давомида курснинг бир сессияда тез-тез 100 сўм атрофида ўзгариб туриши бозордаги мослашувчанликни оширди.
2026 йилда доллар курси қандай бўлиши мумкин?
Валюта курсини аниқ башорат қилиш деярли имконсиз. Масалан, S&P Global аввалроқ доллар курси 13 566 сўмгача кўтарилишини прогноз қилган эди, бироқ амалда курс йил охирига келиб 12 минг сўм атрофида шаклланди.
Шунга қарамай, айрим институтлар ўз прогнозларини эълон қилган. Жумладан, 2026 йилги давлат бюджетида доллар курси ўртача 12 350 сўм даражасида бўлиши кутилмоқда.
S&P Global’нинг янгиланган прогнозига кўра, 2026 йил якунига келиб доллар курси 12 592 сўмни ташкил этиши мумкин.
Евроосиё тараққиёт банки ҳам курс бўйича баҳоларини тақдим этган:
- 2026 йил охири — 12 800 сўм
- 2027 йил охири — 14 100 сўм
- 2028 йил охири — 15 100 сўм









