Халқаро олтин-валюта захиралари илк маротаба $45 млрдга яқинлашди
Февраль ойида мамлакатнинг жами захиралари 2 миллиард доллардан кўпроққа ошиб, $44,94 млрдга етди. Бироқ, олтин захиралари сотиш ҳисобига $200 млнга камайди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари февраль ойида $2,03 млрдга кўпайиб, 1 март ҳолатига кўра $44,94 млрдни ташкил қилмоқда. Бу ҳақида Марказий банк 7 март кунги ҳисоботида маълумот берди.
Энг асосий юқорилаш хорижий валютадаги захира активларда кузатилди. Январь ойида бу турдаги активлар миқдори деярли $7,3 млрдни ташкил қилган эди. Ўтган ойда эса уларнинг миқдори $2,23 млрдга кўпайиб $9,5 млрддан кўпроқни ташкил қилди. Мазкур активлар таркибидаги нақд валюта ва депозитларнинг жами миқдори эса $9,3 млрдга етди.
Бундан ташқари, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати бир ойда қарийб икки баравар ошиб, $102,1 млндан $202,46 млнга етди.
Кўрсаткичлар | 1 январь 2025 | 1 февраль 2025 | 1 март 2025 |
Расмий захира активлари (млрд $) | 41,2 | 42,9 | 44,94 |
Олтин (млрд $) | 32,03 | 35,06 | 34,86 |
Соф ҳажми (млн троя унция) | 12,3 | 12,6 | 12,2 |
Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 8,6 | 7,3 | 9,53 |
Валютадаги активлардан фарқли равишда, мазкур ойда олтин захиралари $0,2 млрдга камайди. Олтиннинг соф ҳажми ҳам 0,38 млн трояга камайиб, 12,18 млнга тушди. Рақамлар Марказий банк олтин нархи ошган вақтда уни сотганини билдиради.
Аввалроқ, Ўзбекистон январь ойида олтин харид қилиш бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллагани хабар қилинган эди. Марказий банк йилнинг илк ойида 8 тонна олтин харид қилган.