UzAuto Motors бозор улуши бир йилда 12 фоизга камайди
2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонда 419 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилди.
UzAuto Motors етакчи ишлаб чиқарувчи сифатида қолаётган бўлса-да, унинг бозор улуши бир йил ичида 86 фоиздан 74 фоизгача қисқарди.
Ишлаб чиқаришда Chevrolet Cobalt ва Damas асосий улушни эгаллаб турибди, бошқа брендлар орасида эса энг юқори ўсиш Kia’да қайд этилди.

2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонда жами 419 338 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 фоизга юқори. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Автомобиль ишлаб чиқарувчилари орасида UzAuto Motors етакчи ўринни сақлаб қолмоқда. Шунга қарамай, компаниянинг бозор улуши бир йил ичида 12 фоиз пунктга камайиб, 86 фоиздан 74 фоизгача тушди.
Модель кесимида Chevrolet Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчилигини давом эттирмоқда. Йил бошидан буён 148 мингдан ортиқ ушбу модель ишлаб чиқарилган. Бироқ бу кўрсаткич ўтган йилги натижадан 1,1 фоизга паст.
Ноябрь ойида 16,3 минг дона Cobalt ишлаб чиқарилди, бу эса ўтган йилнинг мос ойидаги кўрсаткичдан бироз юқори.

Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда яна UzAuto Motors’га тегишли Damas модели турибди — 85,3 минг дона. Шу билан бирга, Damas ишлаб чиқариш ҳажми бир йил давомида 8 фоиздан кўпроққа қисқарди.
UzAuto Motors’нинг Tracker модели ишлаб чиқариши эса ўсишда давом этмоқда. 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида 47,8 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиб, бу ўтган йилга нисбатан 17,4 фоизлик ўсишни англатади.
Шу билан бирга, статистикада Malibu ва UzAuto’нинг бошқа юқори нарх сегментидаги моделлари кўринмайди. Сабаби, ушбу автомобиллар тайёр ҳолда хориждан олиб келиниб, ички бозорда сотилмоқда ва миллий ишлаб чиқариш сифатида ҳисобга олинмайди. UzAuto Motors бу амалиётни 2024 йилги молиявий ҳисоботида ҳам расман тасдиқлаган.
Бошқа ишлаб чиқарувчилар орасида энг катта ишлаб чиқариш ҳажми Kia ҳиссасига тўғри келмоқда. Компания йил бошидан буён 24,5 минг дона автомобиль ишлаб чиқариб, 26,8 фоизлик ўсиш қайд этди.
Шунингдек, 11 ой давомида BYD ишлаб чиқариш ҳажми 17,5 минг дона, Haval — 8 891 дона, Chery — 8 627 донани ташкил этди. Tank 500 модели 50 дона миқдорида ишлаб чиқарилган. Махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми эса 49 372 донага етди.









