Тошкентда банкир ва унинг шериклари 120 минг долларлик кредитни қиморга тикиб юборди
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги тижорат банки филиалида ишловчи банкир шериклари билан тил бириктириб, 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини қўлга киритган.
Ушбу маблағ интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга сарфланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрида 120 минг АҚШ долларини интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга тикиб, талон-торож қилган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими тижорат банкининг мурожаати асосида ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида Яшнобод туманидаги банк филиалида бўлим бошлиғи вазифасида ишлаган Э.Н. бошқа масъул шахслар билан ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
У “А.” МЧЖ масъуллари билан келишган ҳолда “Б.Б.” МЧЖ номига 120 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишига эришган. Шундан сўнг сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кредит маблағлари нақдлаштирилган ҳамда ушбу пуллар интернет орқали қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга сарфланиб, талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада ҳоким ёрдамчилари томонидан 40 млрд сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилингани хабар қилинган эди.









