Tesla’нинг ақл бовар қилмас ҳикояси: банкротликдан электромобиль гигантлигигача
2008 йилда компания деярли қулаш арафасида эди, бироқ бир машҳур автомобиль компаниясидан келган сармоя лойиҳанинг келажагини сақлаб қолди.
Электромобиллар илмий фантастика ҳисобланган ва биргина компания бу ғояга бор-йўғини тикишга қарор қилган дунёни тасаввур қилиб кўринг. Бу айнан Tesla’нинг тарихи бўлиб, у драматик пасайишлар ва юксалишларга тўла ажойиб ҳикоядан иборат. Бугунги мақолада биз Tesla’нинг ҳалокат ёқасидан автомобилсозлик саноатининг улкан қудратига айланиш йўли қандай кечгани ҳақида.
Илк кунлар: келажакка катта умид қилган компания
2003 йилда Мартин Эберхард ва Марк Тарпеннинг томонидан асос солинган Tesla компаниясининг мақсади дунёнинг барқарор энергияга ўтишини тезлаштириш эди. 2004 йилдан бошлаб компанияга Илон Маск ҳам қўшилди. Маск Tesla’га нафақат сармоя, балки кенг кўламли ғояни ҳам тақдим этди. У электр автомобиллар ҳам амалий, ҳам жозибадор бўлиши мумкинлигини исботлашга киришди. 2008 йилда Tesla Roadster’нинг тақдимоти бу йўлдаги илк дадил қадам бўлди, аммо бу ҳали шунчаки бошланиш эди, холос.
Деярли банкротлик ва Mercedes Benz’дан қутқарув
2008 йилга келиб дастлабки машина тақдимотига қарамасдан Tesla корпорацияси деярли қулаш арафасида эди. Айнан мазкур йилда жуда кўп компаниялар жаҳон молиявий инқирози туфайли деярли банкротлик ёқасига келиб қолган ёки бутунлай тугаб кетиш арафасида эди. Бундай хатарлар табиийки Tesla’ни ҳам четлаб ўтмади. Молиявий инқирозга қўшимча равишда компанияда мазкур даврга келиб нақд пул захиралари кескин камайиб кетган эди. Маскнинг ўзи бу ҳолатни, Tesla ишчиларига ойликни ўз кредит картаси орқали тўлагани билан эслаб ўтади. Кўплаб нашрлар ва таҳлилчилар фикрича, Tesla тез орада Силикон Водийсидаги яна бир муваффақиятсиз стартапга айланиш арафасида турган эди. Бироқ, Mercedes Benz компаниясига эгалик қилувчи Daimler корпорациясининг 2010 йилдаги 50 миллион долларлик сармояси (ҳозирда ҳамма улушлар сотиб юборилган) Tesla’ни қутқариб қолди ва унга ўзгариш ҳамда инновация учун вақт берди.
Муваффақиятнинг бошланиши
Бу омил Tesla’нинг ишлаб чиқариш стратегиясини ўзгартирди ва компания ўз маҳсулот турларини янада кенгайтиришга қарор қилди. Model X (кроссовер), Model 3 (янги авлод седан) ва Cybertruck (келажакдаги пикап) каби автомобилларни ишлаб чиқиш орқали Tesla ўз бозорни кенгайтириб, электрли автомобилларни янада кенгроқ аудиторияга мослаштирди. Ҳар бир янги модель ўзининг инновацион хусусиятлари ва технологик янгиликлари билан истеъмолчиларни ўзига жалб этди, бу эса компаниянинг муваффақиятини янада мустаҳкамлади.
Тўсиқлар ва Маск ортидан келган “зарарлар”
Tesla муваффақиятга эриша бошлаганига қарамасдан, бир қатор жиддий қийинчиликлар билан тўқнаш келди. Model 3’нинг ишлаб чиқарилишидаги тўсиқлар, етказиб бериш ва ишлаб чиқаришнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги, компания учун катта муаммоларга айланди. Бу муаммолар, инвесторлар ва аналитиклар томонидан шубҳалар ва танқидларга олиб келди. 2017-2018 йилларда Model 3’нинг ишлаб чиқарилиши кутган даражада тезлашмади, бу эса компаниянинг молиявий ҳолатини янада мураккаблаштирди.
Бундан ташқари, компания акциядорлари таркибида шундай бир мунозарали шахс бор эдики, унинг баёнотлари Tesla акцияларининг тез-тез тушишига олиб келарди. Бу шахс эса сиз-у бизга машҳур Илон Маск эди. Унинг ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этиши ва баъзан нозик масалаларда кескин баёнотлар бериши компанияга айрим ҳолатларда катта зарарлар олиб келарди. Маскнинг айниқса Twitter’даги фаоллиги (ҳозирги X) кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқариб, ўз навбатида компания акцияларига бўлган ишончнинг сусайишига олиб келар эди.
Бироқ дастлаб зарарга ишлаган Маскнинг бу ҳаракатлари кейинчалик компаниянинг фойдасига ишлади деб айтиш мумкин. 2024 йилда унинг сайловлардаги фаоллигидан сўнг Tesla’нинг акциялари бир йилда 71 % дан кўпроққа ўсиб, 18 декабрь ҳолатига $479 долларни ташкил этмоқда.
Электромобиллар соҳасидаги доминантлик
Tesla’нинг инновациялар яратишга бўлган садоқати ҳеч қачон пасаймаган. Компания нафақат машиналар ишлаб чиқаришда, балки уларни фойдаланишда зарур бўладиган маҳсулотлар яратишда ҳам етакчи инноваторлардан бўлди. Буни Tesla’нинг батарея технологияларидан бошқа машина ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам фойдаланишни бошлаганидан билиш мумкин.
Tesla’нинг инновациялар яратишга бўлган садоқати ҳеч қачон пасаймаган. Компания нафақат машиналар яратишда, балки эҳтиёж қисмлари ишлаб чиқаришда ҳам етакчи инноваторлардан бўлди. Буни Tesla’нинг батарея технологияларидан бошқа машина ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам фойдаланишни бошлаганидан билиш мумкин.
Tesla’нинг мазкур соҳадаги таъсири шунчаликка чиқдики, ҳозирда машина ишлаб чиқариш соҳасида гигантлар бўлган BMW, Mercedes Benz, Porsche ва бошқа кўплаб компаниялар фаол равишда электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтишмоқда. Европа Иттифоқининг 2035 йилдан бошлаб иттифоқ бўйлаб дизель ва бошқа ёқилғили автомобилларни сотишга нисбатан чиқарилган қарори бу жараённинг янада тезлашувига олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 11 декабрь куни Илон Маск $447 млрд билан тарихдаги илк $400 млрд бойликка эга бўлган шахсга айланди. Мазкур кунда Tesla акциялари ҳам барча даврлардаги энг юқори нархини кўрсатди ва ҳозир ҳам ўсишда давом этмоқда.