Telegram’нинг Whatsapp’дан устунлигини тарғиб қилган видео ижодкорларга $50 минггача мукофот таклиф қилинмоқда
Танловда иштирок этиш учун номзодлардан максимал узунлиги 180 сониядан ошмайдиган, инглиз тилида бўлган, мазмунан аниқ, визуал жиҳатдан таъсирли ва интернетда тез тарқалиш салоҳиятига эга видео тайёрлаш талаб этилади.

Telegram илк бор контент ижодкорлари учун йирик мукофот жамғармасини тақдим этувчи танловни эълон қилди. Танлов доирасида энг яхши видеоролик муаллифлари 50 000 АҚШ долларигача мукофотга эга бўлишлари мумкин.

Танлов иштирокчиларидан Telegram платформасининг Whatsapp’га нисбатан инновацион устунликларини ёритувчи, инглиз тилида тайёрланган қисқа видеоконтент яратиш талаб этилади. Ушбу видеолар қуйидаги мезонларга жавоб бериши лозим:
- Видеодаги барча матн ва аудио контент инглиз тилида бўлиши шарт;
- Видео узунлиги 180 сониядан (3 дақиқадан) ошмаслиги керак;
- Видео TikTok, Instagram Reels, YouTube Shorts каби қисқа вертикал форматлар учун мослаштирилган бўлиши керак;
- Telegram томонидан тақдим этилган расмий материаллардан илҳом олиш мумкин;
- Сунъий интеллект воситаларидан ёрдамчи восита сифатида фойдаланишга рухсат берилади.

Баҳолаш мезонлари сифатида қуйидагилар белгиланган: мазмуний аниқлик, визуал таъсирчанлик, мемга айланиш салоҳияти ва вируслилик (яъни тез оммалашиш қобилияти).
Танлов иштирокчилари ўз ишларини 2025 йил 27 май куни соат 00:59 (Тошкент вақти)гача топширишлари лозим. Ғолиблар июнь ойида эълон қилинади.