Рақобат қўмитаси такси нархларининг бир неча баробар ошишини ўрганмоқда
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларида нархлар ошишининг асослилиги ва инсофсиз рақобат аломатларини ўрганишни бошлади.
Бунга техник носозликлар фонида тиғиз вақтларда йўл ҳақининг бир неча баробаргача қимматлашгани сабаб бўлган.
Агрегаторлардан нарх шакллантириш алгоритмларини қайта кўриб чиқиш ҳамда ҳайдовчиларнинг тўлов ва блокланиш билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш сўралган.

Рақобат қўмитаси такси агрегаторларида хизмат нархларининг ошиши ва инсофсиз рақобат аломатлари юзасидан ўрганиш бошлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда йирик такси агрегаторлари фаолиятида техник носозликлар кузатилган. Бунинг ортидан рақобатчи платформаларда ҳам тиғиз вақтларда такси нархлари бир неча баробаргача ошган ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган.
Ўрганиш давомида нархлар оширилишининг асослилиги ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишига эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан қўмита агрегаторлардан дастурдаги нархларни шакллантирувчи алгоритм созламаларини қайта кўриб чиқиш, йўл ҳақининг кескин ва сунъий ошишининг олдини олиш чораларини кўришни сўраган.
Ҳайдовчилар билан ҳисоб-китобларга оид муаммоларни ҳам бартараф этиш лозимлиги билдирилган. Хусусан, агрегаторлардан:
- ҳайдовчиларнинг маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишдаги носозликларни бартараф этиш;
- асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш;
- бажарилган буюртмалар учун тўланиши кўзда тутилган барча бонусларни қайта ҳисоблаб, тўлаб бериш;
- ҳайдовчилар ва истеъмолчилар учун техник ёрдам марказларининг сутка давомида узлуксиз ишлашини таъминлаш сўралган.
Бундан ташқари, қўмита агрегаторларни рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобат ҳаракатларига йўл қўймасликка чақирган.
Қўмита рақобат қонунчилиги ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани аниқланса, белгиланган тартибда текшириш ўтказилиши ва тегишли чоралар кўрилишини билдирган.









