“Пойтахт Банк” АЖга янги раҳбар тайинланди
Пулатов Дилшод Акмалевич Poytaxt Bank АЖ бошқарув раиси этиб тайинланди. Бунга қадар у Octobank АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

“Пойтахт Банк” АЖ кузатув кенгашининг қарорига асосан Пулатов Дилшод Акмалевич банк бошқарув раиси этиб тайинланди. Бу ҳақида Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.

Дилшод Пулатов бунга қадар “Octobank” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Бундан ташқари, Афтаб Шаукат Алининг “Пойтахт Банк” АЖ кузатув кенгаши аъзолигидаги ваколатлари муддатидан аввал тугатилди. Унинг ўрнига Мирзақулов Толибжон Олтинович банк кузатув кенгаши аъзолигига сайланди.
Octobank’даги тайинловлар
Жумаев Хамид Хусенович Octobank АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига, Шавкиев Сардор Завкиевич эса банк бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Poytaxt bank’нинг хусусийлаштирилиши
2024 йил июнь ойида Poytaxt bank АЖнинг 100 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштириш юзасидан Бирлашган Араб Амирликларининг Bond Invesments Limited LLC компанияси билан 10 млн долларлик келишувга эришилган.
Мавзуга доир: Poytaxt bank’ни хусусийлаштириш жараёни тўлиқ якунланди
Poytaxt bank раҳбариятидаги ўзгаришлар

2024 йил 24 январдан буён Poytaxt bank АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаб келган Рахматов Хасан Уткирович 2025 йил 24 февралда Asia Alliance Bank кузатув кенгаши раиси этиб сайланган.

Унинг ўрнига Абжалов Дўстбой Абдурашидович Poytaxt bank АЖ бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

28 август куни эса Тургунов Аброр Кадирович банк бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлангани хабар қилинганди.