Paynet акциядорларига яна 238 млрд сўм дивиденд ажратади
Paynet акциядорлик жамияти 2026 йилнинг биринчи ярмида олинган соф фойда ҳисобидан 238,1 млрд сўм дивиденд тўлашга қарор қилди. Бу октябрь ойида белгиланган дивиденд миқдоридан бир акция ҳисобида 2,1 баравар кўп. Тўловлар 3 ноябрдан 3 декабргача амалга оширилиши белгиланган.

Paynet акциядорларининг 3 ноябрь куни ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилишида компания соф фойдасининг бир қисмини дивиденд сифатида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда корпоратив ахборот порталидаги маълумотда қайд этилган.
Қарорга кўра, компания 2026 йилнинг биринчи ярмидаги соф фойдадан жами 238 млрд 58 млн сўмни дивиденд тўлашга йўналтиради. Ҳар бир жойлаштирилган оддий акцияга 146 сўмдан тўғри келади.
Paynet’нинг жами 1 млрд 630 млн 534 минг 413 дона акцияси мавжуд. Дивидендлар пул шаклида тўланади.
Таққослаш учун, 5 октябрь куни компания ҳар бир акцияга 68,79 сўмдан дивиденд белгилаган эди. Янги қарорда бу миқдор 112 фоизга ошиб, 146 сўмга етган.
Биринчи ярим йиллик якунида Paynet 615,5 млрд сўм соф фойда олган. Демак, янги қарор билан ушбу фойданинг қарийб 38,7 фоизига тенг маблағ дивиденд тўлашга йўналтирилмоқда.
Компания тўққиз ойлик натижаларига кўра эса 780,2 млрд сўм соф фойда қайд этган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 330,5 млрд сўмлик кўрсаткичдан 2,4 баравар кўп.
Фойданинг ўсишида Paynet’нинг ўзига тегишли HUMO тўлов тизимидан олган 321,1 млрд сўмлик дивиденд даромади ҳам муҳим роль ўйнаган. Бироқ бу Paynet’нинг шўъба компаниясидан олган даромади бўлиб, акциядорларига тўлашга қарор қилган 238,1 млрд сўмлик дивиденддан алоҳида ҳисобланади.
Бундан ташқари, 3 ноябрдаги йиғилишда “FIDOYIAUDIT” аудиторлик ташкилотининг компания биринчи ярим йиллик молиявий ҳисоботи бўйича хулосаси маълумот учун қабул қилинган. Paynet’нинг дивиденд сиёсати ҳам тасдиқланган.
Йиғилишда барча масалалар 100 фоиз овоз билан маъқулланган.
Дивидендларни тўлаш 3 ноябрда бошланган ва 3 декабрда якунланиши белгиланган.









