Paynet 2025 йилда 395 млрд сўм соф фойда олди
Paynet АЖ 2025 йил якунлари бўйича 395,1 млрд сўм соф фойда қайд этди. Бу 2024 йилга нисбатан 40,3 фоизга кўпроқ.

Paynet АЖ 2025 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Унга кўра, компания ўтган йилда 395,1 млрд сўм соф фойда олган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 40,3 фоизга юқори. Таққослаш учун, 2024 йилда компаниянинг соф фойдаси 281,5 млрд сўмни ташкил этган эди.
Асосий фаолиятдан — хизматлар ва тўловлар реализациясидан олинган соф тушум ўтган йилги 1,13 трлн сўмдан 1,74 трлн сўмга кўтарилди. Натижада тушум қарийб 54 фоизга ошган.
Йил бошида жамиятнинг умумий активлари 842,3 млрд сўмни ташкил этган бўлса, ҳисобот даври охирига келиб бу кўрсаткич 1,74 трлн сўмга етган. Бу эса активлар ҳажми бир йил ичида деярли икки баробарга (107%) ошганини англатади.
Жамиятнинг устав капитали қўшимча эмиссиялар ҳисобига 815,2 млрд сўмга етган. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб 77 баробарга кўпроқ. Бир йил аввал компания устав капитали 10,5 млрд сўмни ташкил этган эди.
Ҳисобот даврида Paynet АЖнинг жами давр харажатлари 1,29 трлн сўмга етган. Бу аввалги йилга нисбатан 59,3 фоизга кўпроқ.
Компания шунингдек давлат бюджетига 70,4 млрд сўмлик даромад солиғи тўлаган.
Аввалроқ Pinkod Uzcard 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олгани ҳақида ёзган эди.









