Ўзбекистондаги нуфузли банк раҳбар ходими 30 минг доллар пора билан ушланди
Тошкент вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхонада 73 млрд сўмлик солиқ ва мажбурий тўловлар қарздорлиги аниқланган.
Мазкур қарздорликни бартараф этиш эвазига 110 минг доллар талаб қилган йирик тижорат банки раҳбар ходими тезкор тадбирда ушланди.
У келишилган пулнинг 30 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ўзбекистондаги етакчи тижорат банкларидан бирининг Амалиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари 30 минг доллар миқдоридаги порани олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати маълум қилди.
Расмий хабарда гумонланувчи фаолият юритаётган банк номи ошкор этилмаган.
Аниқланишича, Тошкент вилоятида жойлашган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхонада ўтказилган текширув натижасида 72 млрд 956 млн сўм миқдорида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик аниқланган.
Банк ходими юқори лавозимли танишлари орқали мазкур қарздорликни “ҳал қилиб бериш” эвазига корхона вакилларидан 110 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида у келишилган сумманинг 30 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда яна бир банк раҳбари ва унинг шериклари 120 минг долларлик кредит маблағларини қиморга тикиб юборгани ҳақида хабар берилганди.









