Ўзбекистонда фаолият юритаётган банкларнинг эгалари ва бошқарувчилари кимлар? (1-қисм)
Pinkod таҳририяти бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган банкларнинг акциядорлари, бошқарув ва кузатув кенгаши раислари ҳамда уларнинг шахси ҳақида катта материал тайёрлади.
Мазкур биринчи қисмда 9 та давлат банки, бошқарув ва кузатув кенгаши раислари ҳамда уларнинг шахси ҳақида батафсил танишиш мумкин. Қолган банклар ҳақида эса иккинчи қисмда атрофлича сўз юритилади.

Кириш
Ўзбекистон банк тизими – узоқ йиллик тарихга эга муҳим молиявий сектор. Унинг илдизлари XIX асрга, хусусан, 1875 йилда Тошкентда Давлат банки филиалининг очилишига бориб тақалади. Мустамлака давридан тортиб, Совет даври ва мустақиллик йилларигача банк тизими кўп маротаба ўзгарган. Айниқса, мустақилликдан кейин банк соҳаси жадал ривожланиб, давлат банклари билан бир қаторда хусусий банклар ҳам шаклланди.
Бугунги кунга келиб, мамлакатда 36 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Улардан 9 таси давлат улушига эга, 27 таси эса бошқа (акциядорлик тижорат банклари, хусусий банклар ва чет эл капитали иштирокидаги) банклар саналади. Ушбу банклар фақатгина молиявий хизмат кўрсатиш билан эмас, балки иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция жалб қилиш, экспорт-импорт операцияларини молиялаштириш, янги иш ўринлари яратишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистонда 36 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Шундан 9 тасида давлат улуши мавжуд бўлса, қолган 27 таси акциядорлик тижорат банклари, хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар ҳисобланади.
Ушбу махсус материал:
- ҳар бир банкнинг ташкил топиши ва тарихий ривожланиши;
- давлат улуши бор ёки йўқлиги;
- банкларнинг эгаси кимлиги (асосий акциядорлар);
- бошқарув раиси ва кузатув кенгаши раисларининг шахси;
- банклар раҳбарларнинг таълими, меҳнат фаолияти ва халқаро тажрибаси каби кўплаб маълумотларни ўз ичига олади.
Таянч тушунчалар:
Банк — бу юридик ва жисмоний шахсларга молиявий хизматлар кўрсатадиган кредит-молия муассасаси бўлиб, у омонатларни жалб қилиш, кредитлар бериш, тўловлар ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш, валюта операциялари, инвестиция хизматлари ва молиявий маслаҳатлар бериш каби кенг кўламли фаолият юритади. Банклар мамлакат иқтисодиётининг қон айланиш тизими сифатида ишлайди.
Акциядорлик жамияти — бу юридик шахс бўлиб, унинг устав фонди (капитали) муайян миқдордаги акциялар орқали шакллантирилади ва уларнинг эгалари — акциядорлар компания фойдасидан дивиденд шаклида даромад оладилар. Акциядорлик жамиятлари очиқ ва ёпиқ турларга бўлинади; банкларнинг аксарияти очиқ шаклда тузилган бўлади.
Давлат банки — акцияларининг назорат пакети (кўпинча 50%+1 акция ёки ундан кўпроғи) давлатга тегишли бўлган банкдир. Бундай банклар кўпинча иқтисодий сиёсатни амалга оширишда ҳукуматга кўмаклашади, стратегик соҳаларни кредитлашда устуворликка эга бўлади ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиради.
Хусусий банк — бу давлат иштирокисиз фаолият юритувчи банк бўлиб, унинг асосий акциядорлари юридик ёки жисмоний шахслардир. Хусусий банклар бозор шароитларида ишлайди ва рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар таклиф этади.
Кузатув кенгаши раиси — банк стратегиясини ишлаб чиқиш ва ижро этилишини назорат қилиш учун масъул бўлган орган – Кузатув кенгашининг раҳбари. У банк фаолияти устидан юқори назоратни амалга оширади ва Бошқарув раисининг ишини баҳолайди ҳамда муҳим қарорлар қабул қилади.
Бошқарув раиси — банк фаолиятининг кундалик операцион бошқаруви учун масъул бўлган шахс. У банк ички сиёсатини юритади, хизматлар ва маҳсулотлар ривожини назорат қилади ҳамда банк стратегиясини амалиётга жорий этади. Шунингдек, бошқарув раисида банк устави билан белгилаб қўйилган ҳуқуқлар асосида банк номидан фаолият олиб бориш ҳуқуқи мавжуд бўлади.
“Агробанк” АТБ
Банк тарихи
“Агробанк” ўз фаолиятини 1988 йил 1 январда Ўзбекистон ССР Давлат банки негизида бошлаган. У дастлаб СССР “Агропромбанк”ининг бўлинмаси сифатида “ЎзССР Агропромбанк” номи билан, республика бўйича 155 та филиал билан ташкил этилган.
Банк фаолияти давомида бир неча бор трансформация босқичларидан ўтган ва ўз номини уч маротаба ўзгартирган.
Биринчи катта ўзгариш 1990 йил 18 июлда юз берди. СССР Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, банк “Агропромбанк” СССР тизимидан ажралиб чиқди ва мустақил ёпиқ акциядорлик жамияти сифатида “Узагропромбанк” ташкил этилди.
Кейинги босқич 1995 йил 27 июлда юз берди. Вазирлар Маҳкамасининг 294-сонли қарорига асосан, “Узагропромбанк” негизида янги банк — “Пахта-банк” ташкил қилинди. Бу ном остида банк бир неча йил фаолият юритди ва 2001 йилда ўзининг илк пластик картасини муомалага чиқарди.
2009 йил эса банк номи ҳозирги номга ўзгарди. Президентнинг 30 мартдаги қарорига биноан, “Пахта-банк” очиқ акциядорлик тижорат банки мақомини олди ва “Агробанк” номи билан қайта ташкил этилди.
Банк фаолиятидаги ютуқлар хорижий эътирофга ҳам сазовор бўлган. Хусусан, 2003, 2004, 2007, 2008 ва 2009 йилларда Буюк Британиянинг нуфузли FT Business Financial Times газетаси ва The Banker журнали томонидан “Агробанк” (ўша пайтда “Пахта-банк”) Ўзбекистондаги “Йил банки” деб топилган.
Банк ривожланишининг навбатдаги муҳим босқичи 2021 йилга тўғри келади. Шу йили “Агробанк” кенг қамровли ребрендинг ўтказиб, ташқи кўриниши ва ички тизимини замон талабларига мослаштирди.
2023 йилда “Агробанк” томонидан UDEA — “Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети” ташкил этилди. Шунингдек, “Сувчилар мактаби” лойиҳаси ҳам амалга оширилган.
Қизиқ факт: 2025 йилгача “Смарт банк” АЖ ҳам айнан “Агробанк” экотизими таркибига кирган.
Банк акциядорлари:
Бугунги кунда Агробанкнинг 98,54 фоиз акцияси давлатга тегишли. Бу улуш икки асосий давлат институтлари ўртасида тақсимланган:
- 52,22 фоизи — Иқтисодиёт ва молия вазирлигига;
- 46,32 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли.
Қолган 1,37 фоиз акциялар 18 381 та юридик шахсга, 0,09 фоизи эса 73 324 нафар жисмоний шахсга қарашли.
Бошқарув раиси — Каҳоров Эркин Азизжонович
2025 йил март ойига қадар “Агробанк” бошқарув раиси лавозимида Рустам Маматқулов фаолият юритган. Шу йилнинг 5 март санасидан бошлаб банк раҳбарияти Эркин Азизжонович Каҳоровга топширилди.

Эркин Каҳоров 1988 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган. 2009 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2017 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. У банк соҳасида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга.
Каҳоров 2022 йил декабрь ойидан 2025 йил 5 мартига қадар “Агробанк” бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
Кузатув кенгаши раиси — Хайдаров Ахадбек Яхёбекович

Банк кузатув кенгаши раиси — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хайдаров Ахадбек Яхёбекович ҳисобланади. У 1971 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган.
Ахадбек Хайдаров 1989–1994 йилларда Тошкент давлат университетида, 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. 2001 йилда Япониянинг Сиёсий фанлар институтини, 2006 йилда эса АҚШдаги Уилямс коллежи магистратурасини тамомлаган.
1996–1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Пул-кредит сиёсати департаментида II тоифали иқтисодчи, етакчи иқтисодчи ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2013–2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари бўлган.
1999–2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармасида бўлим бошлиғи, кейин бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
У 2006–2007 йилларда Молия вазирлигининг Ижтимоий соҳа ва илм-фан молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
2007–2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Қимматли қоғозлар департаменти бошқармаси бошлиғи, Монетар сиёсат департаменти директорининг ўринбосари – бошқарма бошлиғи, сўнгра департамент директори лавозимларида фаолият юритган.
2016 йилдан 2017 йил май ойигача давлат банки “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.
АТ “Алоқабанк”
Банк тарихи
“Алоқабанк” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 октябрдаги қарорига асосан, 2 миллион сўмлик устав капитали билан ташкил этилган. 1995 йил 22 мартда банк расмий лицензия олиб, фаолиятини бошлаган. Дастлаб банк Махсус Акциядор-Тижорат Банки (МАТБ) “Алоқабанк” номи билан танилган.
Банкнинг илк филиали 1996 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида очилган. Бу банклар ичида Қорақалпоғистонда филиал очган биринчи банк ҳисобланади. 1997 йилдан бошлаб “Алоқабанк” Ўзбекистон валюта биржаси аъзоси ҳисобланади. Айнан шу йили, 30 октябрда Наманган шаҳрида ва 29 июлда Урганч шаҳрида (Хоразм вилояти) банк филиаллари иш бошлаган.
Банк ташкил топган илк йиллардан 2001 йилгача алоқа тармоғини қайта қуриш ва ривожлантиришга оид давлат дастурларида фаол иштирок этган тармоқ банки сифатида фаолият юритди. 2001 йил 23 июндан бошлаб эса “Алоқабанк” универсал банк мақомини олди ва МАТБ ўрнига Акциядорлик Тижорат банки сифатида иш юрита бошлади.
2011 йилда банк “Аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича энг яхши банк” мукофотига сазовор бўлди.
Банкнинг расмий мобил иловаси — Zoomrad, Android ва iOS операцион тизимлари учун ишлаб чиқилган бўлиб, у орқали мобил алоқа, интернет, коммунал хизматлар ва бошқа кўплаб хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, шунингдек, банк карталари ўртасида пул ўтказмаларини бажариш мумкин.
2021 йилда банк таъсисчилигида йирик венчур фонд — Aloqaventures ташкил этилди. 2025 йил 28 январга келиб, “Алоқабанк” таъсисчилигидаги венчур фондлар сони иккитага етди. Айнан шу санада Aloqaventures-2 ташкил этилди.
2025 йил 14 февраль кунги Президентнинг ёшлар билан учрашувида муҳим янгилик эълон қилинди. Президент имзолаган ҳужжатга кўра, “Алоқабанк” ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч “ёшлар банки”га айлантирилиб, бунга 200 миллион доллар ажратилди.
Банк акциядорлари:
Алоқабанк давлат улуши мавжуд бўлган ташкилот ҳисобланади. Банк устав капиталидаги аксиядорлар таркиби қуйидагича тақсимланган:
- Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 53,80%
- “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси — 19,18%
- Ахборот-коммуникатсия технологияларини ривожлантириш жамғармаси — 5,49%
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 3,76%
- “Электромагнит мослашув маркази” давлат унитар корхонаси — 1,83%
Банк акцияларининг қолган 15,14 фоизи эса кимга тегишли экани очиқланмаган. Бироқ 2024 йил декабрь ойида “Алоқабанк” устав капиталига беш нафар хусусий инвестор қўшилиши кутилаётгани хабар қилинган эди. Бу борада Pinkod суриштирув олиб борган ва тафсилотлар билан бу ерда танишиш мумкин.
Бошқарув раиси — Ирисбекова Каммуна Наринбаевна

“Алоқабанк” бошқарув раиси лавозимида Ирисбекова Каммуна Наринбаевна фаолият юритади. У 1960 йилда Қозоғистон Республикасида туғилган. 1982 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини, 1991 йилда С. Орджоникидзе номидаги Россия Давлат бошқарув академиясининг аспирантурасини, 2009 йилда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
Каммуна Наринбаевна — бизнесни бошқариш мутахассислиги бўйича таҳсил олган, иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига ва доцент унвонига эга.
Унинг меҳнатлари давлат томонидан эътироф этилган:
- 2018 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
- 2020 йилда унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони берилган.
Қизиқ факт: “Алоқабанк” ташкил топганидан бери унинг бошқарув раиси ўзгармаган. Яъни Каммуна Наринбаевна банкни 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери бошқариб келмоқда.
Кузатув кенгаши раиси — Шерматов Шерзод Хотамович

2021 йил декабрь ойидан буён “Алоқабанк” кузатув кенгаши раиси сифатида рақамли технологиялар вазири Шерматов Шерзод Хотамович фаолият юритмоқда. У 1977 йил 7 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган.
Шерзод Шерматов 1993–1998 йилларда Тошкент давлат техника университетида, 1998–2000 йилларда эса АҚШнинг нуфузли Яле университетида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини 2000–2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Валюта иқтисодиёти бош бошқармасида бош иқтисодчи сифатида бошлаган. 2001–2002 йилларда Вазирлар Маҳкамасида етакчи мутахассис, сўнгра бош мутахассис лавозимларида ишлаган.
2004–2005 йилларда БМТ ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигидаги “Рақамли ривожланиш ташаббуси” лойиҳасида иштирок этган. 2005 йилда эса Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ёрдамчиси лавозимига тайинланган.
Шунингдек, 2005–2008 йилларда “Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш” лойиҳасига раҳбарлик қилган ва АКТ соҳасида билимлар ҳамда ечимлар бошқаруви бўйича маслаҳатчи сифатида фаолият олиб борган.
2008 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар бўйича ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи бўлган. 2010–2012 йилларда Президент девонининг ташкилот-кадрлар хизмати етакчи ва бош инспектори лавозимларида ишлаган.
2012–2014 йилларда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2014 йилдан бошлаб Тошкентдаги Инҳа университети ректори лавозимида ишлаган. 2016 йил ноябрдан 2017 йил февралгача АКТ вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.
2018–2021 йилларда Халқ таълими (ҳозирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) вазири лавозимида ишлаган. 2021 йил 17 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан унинг номзоди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) вазири лавозимига маъқулланган.
“Асакабанк” АЖ
Банк тарихи
“Асакабанк” расмий равишда 1995 йил 7 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 424-сон қарорига биноан ташкил этилган. Банк давлат акциядорлик банки сифатида автомобилсозлик тармоғини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига қулай шартларда автотранспорт воситаларини сотиб олиш имкониятини яратиш мақсадида тузилган.
2001 йил 5 январда “Асакабанк”га универсал тижорат банки мақоми берилди. Бу эса унинг хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириб, корпоратив ва чакана банк хизматлари бозорида фаол иштирок этишига имкон яратди.
Банк бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, “Ташкент City” ҳудудида замонавий инфратузилмага эга бинода фаолият юритади. Республика бўйлаб эса 21 та филиал орқали мижозларга хизмат кўрсатади.
“Асакабанк” йиллар давомида бир қатор халқаро мукофотларга сазовор бўлган:
- 2003 йилда Осиё ва Тинч Океани Ривожлантириш Молиявий Муассасалари Уюшмаси (OTORMMU) томонидан “Энг яхши ижтимоий лойиҳа” ва “Энг яхши йиллик ҳисобот” йўналишлари бўйича эътироф этилган.
- 2005 йилда Euromoney нашриёти томонидан “Ўзбекистоннинг энг яхши банки” деб тан олинган.
- 2009, 2010, 2012, 2014 ва 2015 йилларда “Аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши банки” унвонига лойиқ кўрилган.
- Global Finance (2005–2007), The Banker (2005) ва Euromoney (2005) нашрлари томонидан “Йил банки” деб топилган.
- 2021 йилда Asiamoney уни Ўзбекистоннинг энг яхши корпоратив ва инвестициявий банки деб тан олди.
Банк томонидан молиялаштирилган муҳим лойиҳалардан бири бу — 2021 йилда ишга туширилган Марказий Осиёдаги энг йирик заргарлик корхонаси бўлган FONON заводидир. Умумий қиймати 28,3 миллион еврога тенг бўлган лойиҳанинг 19 миллион евроси “Асакабанк” маблағлари ҳисобидан ажратилган.
2024 йил 2 май куни Тошкент Халқаро Инвестицион Форумида “Асакабанк”ни босқичма-босқич хусусийлаштириш режалаштирилгани эълон қилинди. Бу жараёнда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (EBRD) иштирок этиши кўзда тутилган. Бироқ, хусусийлаштириш бўйича амалий босқичлар ҳозирча секин кечмоқда.
Банк акциядорлари:
Асакабанк давлат банки ҳисобланади. Ундаги давлат номидан акцияларга эгалик қилувчилар улуши қуйидагича:
- Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 88.22 %
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 10.85 %
- “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ — 0.73 %
- “Узавтосаноат” АЖ — 0.10 %
- “Узагросуғурта” АЖ — 0.08 %
- “Узбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси акциядорлик жамияти — 0.02 %
Бошқарув раиси — Туляганов Кудратилла Асатуллаевич

“Асакабанк” бошқаруви раиси лавозимини 2023 йил 14 февралдан буён Туляганов Кудратилла Асатуллаевич эгаллаб келмоқда. У 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати — ўзбек.
Кудратилла Туляганов 2008 йилда Тошкент молия институтининг бакалавриат босқичини, 2016 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган. Мутахассислиги — банк соҳасида инвестицияларни бошқариш.
Банк тизимида 25 йиллик иш тажрибасига эга бўлган мутахассис 2020–2023 йиллар оралиғида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (NBU) бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
2023 йил февралидан буён у “Асакабанк”га раҳбарлик қилиб келмоқда.
Кузатув кенгаши раиси — Осипян Ашот Феликсович

2025 йил апрель ойидан буён “Асакабанк” АЖ Кузатув кенгашига Осипян Ашот Феликсович раислик қилиб келмоқда. У банк соҳаси ва молиявий бошқарув бўйича 30 йилдан ортиқ тажрибага эга йирик мутахассислардан бири ҳисобланади.
Ашот Осипян АҚШдаги нуфузли Chicago университетининг Booth Business School ва Booth College битирувчиси ҳисобланади.
У ўз меҳнат фаолиятини Арманистон Молия ва иқтисодиёт вазирлигида бошлаган. Бу ерда у қимматли қоғозлар бозорини назорат қилиш бошқармаси ҳамда пул-кредит сиёсати бошқармасини бошқарган. 1998 йилда Арманистон Марказий банки раисининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.
1998 йилдан 2020 йилгача Осипян Арманистоннинг икки етакчи банкида — ArmEconomBank (1998–2006) ва AraratBank (2006–2020)да бошқарув раиси лавозимида фаолият олиб борган.
2020 йилдан бошлаб у Осиё-Тинч океани банки (Россия) ва Эсхат банки (Тожикистон) Директорлар кенгаши таркибида ишлаган. Шунингдек, ўша йилдан бери Банк менежменти мактабининг асосчиси ва директори сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
2022 йил октабридан 2025 йил апрелгача Осипян “Асакабанк” АЖ Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси сифатида фаолият юритиб келган.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ
Банк тарихи
Банк 1994 йил 20 июнда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ташкил этилган бўлиб, дастлаб “Ғаллабанк” номи остида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган тижорат банки сифатида фаолият бошлаган.
Дастлабки йилларда банк фақат қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат кўрсатган. Бироқ, 1999 йилдан бошлаб “Ғаллабанк” фаолият доирасини кенгайтириб, универсал банк хизматларини кўрсата бошлади. Бу босқичда банк аҳолига чакана хизматлар, турли кредит турлари ва омонат маҳсулотларини таклиф эта бошлаган.
2005 йилга келиб банк тизими кенгайиб, унда 13 та вилоят филиали, 18 та туман бўлими, 68 та мини-банк, 141 та жамғарма шохобчаси фаолият юритаётган эди.
2009 йил 30 апрелда Президент фармонига асосан “Ғаллабанк” негизида янги ном остида — “Қишлоқ Қурилиш Банки” (ҚҚБ) ташкил этилди. Янги ташкил топган банкнинг асосий вазифалари қишлоқ жойларида уй-жой, йўл, электр, газ ва бошқа инфратузилмаларни молиялаштириш, шунингдек, кичик ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлашдан иборат эди. ҚҚБ, шунингдек, давлат инфратузилма лойиҳаларига хизмат кўрсатган.
2023 йил 4 сентябрь куни Президент қарори билан “Қишлоқ Қурилиш Банки” янги босқичга ўтди ва “Бизнесни Ривожлантириш Банки” номини олди. Эндиликда банкнинг асосий фаолияти тадбиркорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес маркази ташкил этилган бўлиб, ушбу марказлар тадбиркорларга ўз бизнесларини бошлаш ва юритишда кўмак бериш, маслаҳатлар билан таъминлаш мақсадида фаолият юритмоқда.
Банк акциядорлари:
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 22,05%.
- Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 52,30%.
- Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси —- 25,11%.
- Банк акцияларининг 1%дан кам қисмига эга бўлган юридик шахсларнинг умумий сони (2386) — 0,52%.
- Банк акцияларининг 1 фоиздан кам қисмига эга бўлган жисмоний шахсларнинг умумий сони (6624) — 0,02%.
Бошқарув раиси — Аннакличев Сахи Сапармухамедович

“Бизнесни ривожлантириш банки” номи остида қайта ташкил этилганидан буён банк бошқаруви раиси лавозимини Аннакличев Сахи Сапармухамедович эгаллаб келмоқда. У 1975 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманида туғилган.
Сахи Аннакличев қуйидаги нуфузли олий таълим муассасаларини тамомлаган:
- 1996 йил — Туркманистон халқ хўжалиги институти;
- 1999 йил — Ўзбекистон Банк-молия академияси;
- 2008 йил — Япония Кобе университети;
- 2010 йил — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси.
Меҳнат фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасида етакчи иқтисодчи сифатида бошлаган. У кейинчалик ушбу бошқармада бош иқтисодчи ва шўба мудири лавозимларида ишлаган.
Аннакличев 2000–2017 йиллар давомида Марказий банк тизимида бир қатор масъул лавозимларда — Молия департаменти бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, Жаҳон банки лойиҳалари доирасида маслаҳатчи, бош бухгалтер, директор ўринбосари ва директор лавозимларида ишлаган.
У 2017–2018 йилларда Вазирлар Маҳкамасида инвестиция дастурлари ва хорижий инвестициялар бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири сифатида ишлаган. 2018–2019 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, 2019–2020 йилларда “Ўзмиллийбанк” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2020 йил март ойида “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раиси лавозимига тайинланган. 2023 йилдан эса янги номдаги “Бизнесни ривожлантириш банки”га раҳбарлик қилмоқда.
Кузатув кенгаши раиси — Норқулов Илҳом Иброхимович

Илҳом Иброхимович Норқулов 1981 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий: у 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Халқаро иқтисодий муносабатлар” факультетини, сўнгра Буюк Британиядаги Глазго университетининг “Иқтисодий ривожланиш” йўналиши бўйича магистратурасини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида етакчи мутахассис лавозимидан бошлаган. 2006 йилда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Иқтисодиёт бош бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган. 2006–2009 йиллар оралиғида “Нефтегазмонтаж” МЧЖ қўшма корхонасида қурилиш машиналари ва механизациялари бошқармаси таъминот бўйича менежери сифатида фаолият юритган.
2010 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ишлай бошлаган. У ерда бош мутахассисдан департамент раҳбарлигигача бўлган йўлни босиб ўтган: 2013–2017 йилларда Монетар сиёсат департаменти, 2017–2018 йилларда эса Пул-кредит сиёсати департаментига раҳбарлик қилган.
2018–2020 йилларда Марказий банк бошқаруви раисининг ўринбосари ва кейинчалик биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. У Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ҳам ишлаган.
Ҳозирда Илҳом Норқулов Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, шунингдек, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Кузатув кенгаши раиси лавозимларида фаолият юритмоқда.
“Микрокредитбанк” АТБ
Банк тарихи
“Микрокредитбанк” 2006 йилгача “Тадбиркорбанк” номи остида фаолият юритган. “Тадбиркорбанк” эса ўз навбатида 1993 йил 7 январда “Ўздеҳқонсаноатбанк” негизида ташкил топган.
Банк фаолиятининг дастлабки мақсади қишлоқ хўжалиги, фермер хўжаликлари, кооперативлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган.
2003 йилга келиб банкнинг филиал тармоғи кенгайиб, 13 та вилоят филиали, республика ва вилоят марказларида амалиёт бўлимлари, 69 та туман бўлими ва уларга бириктирилган 42 та мини-банк фаолият юритган. Шу даврда банк мижозлар сони 41 минг нафардан ошган.
2005 йилдан бошлаб “Тадбиркорбанк” соҳавий ихтисослашувдан чиқиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи универсал банк сифатида фаолиятини давом эттирган.
2006 йил 5 май куни Президент қарорига мувофиқ, банк “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки сифатида қайта ташкил этилган.
2010 йилда Financial Times нашри томонидан “Микрокредитбанк” Ўзбекистоннинг энг яхши банки деб эътироф этилган.
2022 йилда банк тўлиқ ребрендингдан ўтиб, ҳозирги MKbank номи остида фаолият юритмоқда.
Банк акциядорлари:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 32,7%
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 26,3 %
Миллий инвестиция жамғармаси — 40%
Бошқа таъсисчилар — 1%
Бошқарув раиси — Бутаев Ориф Алибоевич

Бутаев Ориф Алибоевич 1983 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2012 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — банк иши ва инвестицияларни бошқариш (банк сектори).
У меҳнат фаолиятини 2006 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тижорат банкларига лицензия бериш ва улар фаолиятини тартибга солиш департаментида 1-тоифали иқтисодчи лавозимида бошлаган. Кейинги йилларда у ушбу департаментнинг турли бўлим ва бошқармаларида етакчи иқтисодчи, бош иқтисодчи, шуъба мудири ва бошқарма бошлиғи ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.
2016–2018 йилларда Марказий банк департаменти директори сифатида фаолият юритган. 2018–2019 йилларда эса Марказий банк раиси ўринбосари лавозимига тайинланган.
Шундан сўнг Ориф Бутаев тижорат банкларида раҳбарлик фаолиятини давом эттирди: 2019–2020 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2020–2024 йиллар давомида “Микрокредитбанк” бошқаруви раиси лавозимида ишлади.
2024 йил март ойидан бошлаб эса Бутаев Ориф Алибоевич “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритмоқда.
Кузатув кенгаши раиси — Захидов Ботир Эркинович

Ботир Зохидов 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2003 йилда Тошкент молия институтини, 2008 йилда эса Банк-молия академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2003 йилда “Асакабанк”да бошлаган. 2005–2009 йиллар давомида банкнинг ташқи иқтисодий алоқалар департаменти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида фаолият олиб бориб, валюта-айирбошлаш операциялари бўйича махсус бошқармага раҳбарлик қилган.
2019 йил 26 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил 19-сентабрда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланган.
2023 йил 23 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири лавозимида фаолият юритмоқда.
“Туронбанк” АТБ
Банк тарихи
“Туронбанк” 1990 йил ноябрь ойида ташкил этилган. 1993 йилдан бошлаб банк очиқ акциядорлик жамияти сифатида фаолият юритмоқда.
“Туронбанк” фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, савдо, тайёрлов ва қурилиш соҳаларидаги қайта ишловчи корхоналар, шунингдек, халқ хўжалигининг турли тармоқлари, хусусий тадбиркорлар, фермер хўжаликлари ва аҳолига банк хизматлари кўрсатишга қаратилган.
Банк универсал молиявий хизмат кўрсатиш тамойили асосида фаолият олиб боради ва мамлакатдаги кенг тармоқли банклардан бири ҳисобланади.
2013 йилда Туронбанк ва Жаҳон банки (IDA) ҳамкорлигида қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга қаратилган кредит линияси ишга туширилди. Айнан шу йилда банк “Turon mobile” мобил банкинг хизматини йўлга қўйди. Шунингдек, нуфузли Financial Times нашрининг The Banker журнали “Туронбанк”ни “Ўзбекистондаги энг яхши банк” деб эътироф этди.
2022–2023 йилларда Туронбанк рақамли хизматларини сезиларли даражада кенгайтириб, “MyTuron” мобил иловасини тубдан янгилади. Ушбу илова орқали мижозлар Visa, Mastercard ва HUMO карталарини боғлаб, тўловларни амалга ошириш, халқаро транзаксияларни реал вақт режимида бажариш ҳамда карта балансларини бошқариш имкониятига эга бўлди.
Ҳозирги кунда “Туронбанк”нинг 15 та Банк хизматлари маркази ва 51 та Банк хизматлари офиси мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Банк акциядорлари:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва Тараққиёт Жамғармаси — 87,70 %
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги — 10,30 %
Бошқалар — 2%
Бошқарув раиси — Мирзаев Чори Садибақосович

Мирзаев Чори Садибақосович 1971 йил 23 майда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини, 2000 йилда эса Япониянинг Саитама университетини тамомлаган. У халқаро иқтисодий муносабатлар ҳамда давлат сиёсати ва бошқаруви йўналишлари бўйича таҳсил олган.
Банк тизимидаги фаолиятини 1995 йилда бошлаган ва шу соҳада узлуксиз меҳнат қилиб келмоқда. Унинг бу борадаги тажрибаси 30 йилдан ошади. 2016 йил 23 сентябрдан буён эса банк бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Мирзаев Чори Садибақосович ўзининг фидокорона хизматлари учун 2021 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.
Кузатув кенгаши раиси — Каршибаев Жасур Ҳазраткулович

Каршибаев Жасур Ҳазраткулович — “Туронбанк” Кузатув кенгаши раиси бўлиб, 1982 йил 30 июлда Сирдарё вилоятида туғилган. У 1999–2004 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат босқичини имтиёзли диплом билан, 2004–2006 йилларда эса магистратура босқичини тамомлаган. 2015 йилда Япониядаги Европа Иттифоқи институти (EU Institute in Japan)да таҳсил олган. Иқтисодиёт фанлари доктори (PhD) бўлган Каршибаевнинг асосий илмий йўналишлари молия, жаҳон иқтисодиёти, Европа Иттифоқи иқтисодиёти ҳамда халқаро иқтисодий муносабатлардир.
У ўз меҳнат фаолиятини 2006–2011 йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг халқаро алоқалар бўлимида бошлаган. Кейинчалик Токио ва Осака, Сеул каби шаҳарларда турли малака ошириш дастурларида қатнашган. Шу йилларда у “Ўзбекистон–Малайзия” дўстлик жамиятининг ижрочи директори сифатида ҳам фаолият юритган.
2011–2015 йилларда у Япония Кюшу университетида илмий ходим ва докторант сифатида фаолият юритган. 2015–2016 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида доцент, Илмий бўлим ва Карера маркази раҳбари лавозимларида ишлаган. Шу билан бирга, макроиқтисодий тадқиқот лойиҳаларида илмий ходим сифатида ҳам фаолият олиб борган.
2016 йилдан бошлаб Марказий банкда турли юқори лавозимларда фаолият юритган — жумладан, монетар сиёсат, пул-кредит сиёсатини таҳлил қилиш ва операцияларни бошқариш йўналишларида. 2018–2019 йилларда эса Молия вазирлиги тизимида давлат қарзи билан боғлиқ бошқарув лавозимларида ишлаган.
2019 йил 4 апрелдан бошлаб у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат ички ва ташқи қарз департаменти директори лавозимида фаолият юритган. Ҳозирда у Иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси ҳамда бир вақтнинг ўзида “Туронбанк” Кузатув кенгаши раиси ҳисобланади.
Халқ банки
Банк тарихи
Халқ банки Ўзбекистон молиявий тизимининг энг қадимий ва муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Унинг илдизлари XIX асрга, яъни 1875 йил 10 майда Россия империяси Давлат банкининг Тошкентдаги филиалининг очилишига бориб тақалади. Бу банк Туркистон ўлкасидаги илк молиявий муассаса сифатида аҳолига саккиз турдаги банк хизматларини кўрсатишни бошлаган. Дастлаб у императорлик мустамлака маъмуриятининг бюджетини назорат қилиш ва савдони молиялаштириш билан шуғулланган.
XX аср бошларига келиб, филиал кичик кредит операцияларини ривожлантиришга эътибор қаратди. Шунга қарамай, у нафақат вилоят маъмурияти, балки бутун Марказий Осиёда фаолият юритувчи бошқа тижорат банклари учун ҳам ғазначилик функциясини бажаришда давом этди. 1896 йилга келиб, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон ва бошқа шаҳарларда ҳам банк филиаллари очилди.
1925 йилда бу тизим Давлат меҳнат жамғарма банкига айлантирилди. Мустақилликдан сўнг, 1993 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра “Ўзжамғармабанк” ташкил этилди. 1995 йил 4 октябрда эса бу банк Халқ банкига айлантирилди.
2004 йилда банк фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобларини юритиш ваколатига эга бўлди. 2015 йилги Президент фармонига биноан банк номи “Акциядорлик тижорат Халқ банки”га ўзгартирилди. 2017 йилдан бошлаб эса пенсиялар ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли молиявий муассаса сифатида белгиланди.
Ҳозирда Халқ банки 196 та ҳудудий ва туман (шаҳар) филиали, 106 та банк хизматлари марказлари ва 2 260 дан ортиқ кассалари орқали мамлакат бўйлаб кенг тармоққа эга универсал банк сифатида фаолият юритмоқда.
Банк акциядорлари:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 73,8%
Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси — 26,2%
Бошқарув раиси — Атабаев Шуҳрат Халдарович

Шуҳрат Атабаев 1978 йилда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини, 2005 йилда Япониянинг Сиёсий фанлар миллий институтини, 2010 йилда эса Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Навоий вилоятидаги 14-ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчиси сифатида бошлаган. Молиявий сектор билан боғлиқ фаолияти давомида у бир қатор йирик лавозимларда ишлаган: 2014–2015 йилларда Марказий банкнинг Молия-иқтисод департаменти директори, 2015–2017 йилларда эса Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2017 йил июнь ойидан 2018 йил 14 ноябргача Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. Сўнгра, 2018 йилдан 2021 йилгача “Ипотека Банк” бошқаруви раиси лавозимида меҳнат қилган.
2021 йил февраль ойидан июл ойигача Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2021 йил июль ойидан бошлаб эса Халқ банки бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Кузатув кенгаши раиси — Алeксандр Пиккер

Алeксандр Пиккер 1962 йил 5 ноябрда Австриянинг Зальцбург шаҳрида туғилган. У халқаро молия соҳаси бўйича юқори малакали мутахассис бўлиб, 30 йилдан ортиқ тажрибага эга. Фаолияти давомида Марказий ва Шарқий Европа, Россия ҳамда Марказий Осиёдаги бир қатор йирик молиявий институтларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Пиккер Зальцбург университетида икки йўналишда олий маълумот олган: 1987 йилда ҳуқуқ, 1989 йилда эса славян филологияси бўйича таҳсилни тамомлаган. Банк соҳасидаги фаолиятини 1989 йилда Österreichische Länderbank’да (ҳозирги Bank Austria UniCredit) бошлаган. 1990–1992 йилларда Erste Bank (Girozentrale) тизимида лойиҳа молиялаш бўйича кредит мутахассиси сифатида Россия, Польша ва Руминияда йирик лойиҳаларда иштирок этган.
1994 йилда Creditanstalt Bankverein таркибига қўшилиб, ушбу банк томонидан Россияда ташкил этилган “International Moscow Bank” (ҳозирги UniCredit Russia)га юборилган. У ерда бошқарув кенгаши аъзоси ва бош риск-менежери лавозимида фаолият юритиб, 1998 йилги Россия молиявий инқирози даврида муҳим бошқарув қарорларини қабул қилган.
Кейинчалик Польшанинг PBK банкида (ҳозирги Bank BPH) бош операциялар директори, сўнг интеграция бўйича директор бўлиб ишлаган ва банкни муваффақиятли бирлаштириш жараёнини бошқарган.
2004 йилда Сербиянинг HVB Serbia & Montenegro (бугунги UniCreditbank Serbia) банкига бош директор этиб тайинланган. 2007–2010 йилларда эса Қозоғистондаги ATF Bank’да бош директор (CEO) ва UniCredit Group вице-президенти сифатида ишлаган.
2011–2015 йилларда Hypo Alpe-Adria International Group’га раҳбарлик қилиб, гуруҳнинг Словениядаги, Босния ва Герцеговинадаги бўлинмаларини ҳамда Австриядаги бош идорасини бошқарган.
Ҳозирда у Молдова Республикасининг Moldindconbank банкида бошқарув раиси лавозимида ишламоқда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банки Кузатув кенгаши раиси сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ (NBU)
Банк тарихи
Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки (NBU) Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятга эга банки ҳисобланади. Банк Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 7 сентябридаги фармони билан унитар корхона шаклида ташкил этилган. Илк ташкил қилинган пайтида банк ходимлари сони 100 нафарни ташкил қилган.
1992 йилдаги ҳисоботларга кўра, ўша пайтда NBU Ўзбекистон ташқи тўловларининг 95 фоизини амалга оширган.
NBU SWIFT, Zolotaya Korona, Reuters, Do Jones Telerate ва Bloomberg каби глобал молиявий телекоммуникациялар тизимларига уланган.
NBU’нинг Россия ҳудудида шўба банки мавжуд.
1996 йилда Россияда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ, молия ва банк секторида миллий капиталдан фойдаланишнинг илғор шаклларини ривожлантириш мақсадида “Азия – Инвест Банк” акциядорлик тижорат банки ташкил этилган.
Forbes Russia томонидан банк 2022 йилда Ўзбекистоннинг энг ишончли банки деб топилган.
Қизиқ факт: Миллий банкнинг Ўзбекистон банк тизимидаги ўрни шу қадар йирикки, жами банк тизимидаги кредитларнинг 19,1 фоизи (108,5 трлн сўм) ва жами депозитларнинг 12,1 фоизи айнан NBU ҳиссасига тўғри келади.
Банк акциядорлари:
2019 йилга қадар NBU унитар корхона сифатида фаолият юритган. Президентнинг 2019 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4540-сонли қарорига асосан “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилган.
2019 йилгача банкнинг асосий таъсисчиси Вазирлар Маҳкамаси бўлган. Айни пайтда эса банк таъсисчиси сифатида давлат номидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (59,30 фоиз) ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (40,70 фоиз) кўрсатилган.
Бошқарув раиси — Мирсоатов Алишер Қудратуллаевич

Банкни 2017 йил 30 ноябрдан бери Мирсоатов Алишер Қудратуллаевич бошқариб келмоқда. Алишер Мирсоатов 1974 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Давлат техника университетини тамомлаган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини, 2004 йилда Maastricht School of Management (Нидерландия)ни, 2021 йилда эса яна Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Алишер Қудратуллаевич банк тизимида 26 йиллик тажрибага эга. У 2016 йил кузидан то мазкур лавозимга тайинлангунига қадар Ўзсаноатқурилишбанк бошқарув раиси сифатида фаолият юритган.
Мирсоатов банк тизимидан ташқари спорт соҳасида ҳам фаол ҳисобланади. 2020 йил 6 март куни у собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов ўрнига Теннис федерацияси раҳбари этиб тайинланган. Кейинчалик бу лавозимдан кетган. 2025 йил 17 февралдан бошлаб эса Қишки спорт турлари федерацияси раҳбари ҳисобланади.
Алишер Мирсоатов ўзбек давлат ва сиёсат арбоби Рафиқов Қудратилла Мирсоатовичнинг кенжа фарзанди ҳисобланади. Қудратилла Рафиқов ҳозирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси сифатида ишлайди.
Кузатув кенгаши раиси — Қудратов Лазиз Шавкатович

NBU’нинг Кузатув кенгаши раиси Қудратов Лазиз Шавкатович ҳисобланади. У Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири лавозимида ишлайди. Лазиз Қудратов 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Хосеи университети (Япония)ни тамомлаган.
У Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида турли лавозимларда ишлаган (2003–2010), Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлган (2010–2014), “Узинфоинвест” агентлигининг директори, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси (2017–2019). 2022 йил декабрдан бошлаб эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазири лавозимида фаолият юритмоқда.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ (SQB)
Банк тарихи
“Ўзсаноатқурилишбанк” — Ўзбекистон молия тизимидаги энг қадимий банклардан бири ҳисобланади. Унинг фаолияти 1922 йил 28 октябрда Тошкентдаги Савдо-саноат банкининг Ўрта Осиёдаги идораси сифатида бошланган. 1924 йилга келиб, банк халқ хўжалиги тармоқларини молиялаштириш ва кредитлаш бўйича ҳукумат агенти сифатида фаолият юрита бошлаган.
Банк 1926 йилда Ўзбекистондаги илк йирик энергия иншоотларидан бири — Бўзсув ГЕС қурилишини молиялаштирган. 1932 йил май ойида банк “Саноатбанк” номи остида қайта ташкил этилиб, саноат ва капитал қурилишни молиялаштиришга ихтисослаштирилган молия институти сифатида фаолият кўрсата бошлади.
Уруш йилларида ва ундан кейинги даврда — хусусан, 1960 йилларда — банк мамлакатдаги кўплаб саноат объектлари ва заводлар қурилишида фаол иштирок этди. 1959 йилда эса номи “Қурилишбанк”га ўзгартирилиб, бутун мамлакат бўйлаб қурилиш жараёнларини молиявий қўллаб-қувватлашда давом этди.
1966 йилда Тошкентда содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этиш, вайрон бўлган бинолар ва инфратузилмани қайта тиклаш ишлари ҳам айнан “Қурилишбанк” томонидан молиялаштирилган.
1987 йилдан бошлаб банк “Саноатқурилишбанк” деб номлана бошлади. Унинг фаолият доираси кенгайтирилиб, йирик саноат лойиҳаларига хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш тармоқларини кредитлаш йўналишлари кучайтирилди.
2009 йилда ҳозирги номи — “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди.
2018 йилда банк бренд янгиланиши ва бизнес жараёнларини оптималлаштиришга киришди. 2019 йилда эса Ўзбекистон тарихида илк бор 300 миллион долларлик халқаро эвробондларни муваффақиятли жойлаштириб, молия бозорида катта янгиликка сабаб бўлди.
2020 йилда эса банк JOYDA мобил иловасини ишга тушириб, нафақат банк хизматларини, балки турли маркетплейс функцияларини ҳам ўз ичига олган инновацион платформа яратди.
SQB Ўзбекистондаги хусусийлаштирилиши керак бўлган, аммо бу жараён кечикиб келадиган банк ҳисобланади.
Банк акциядорлари:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва Тараққиёт жамғармаси — 82,1%
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги — 13,1%
“ЎЗТРАНСГАЗ” АJ —1,2%
Бошқалар — 3,6%
Бошқарув раиси — Акбаржонов Азиз Акбаржон ўғли

Акбаржонов Азиз Акбаржон ўғли 1985 йил 11 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2008 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат босқичини, 2010 йилда эса шу олий ўқув юртининг магистратура бўлимини “Менежмент” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Тошкент вилоят бўлимида Корпоратив мижозлар билан ишлаш бўлими 2-тоифали мутахассиси лавозимидан бошлаган.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБдаги фаолияти 2018 йилда Лойиҳа бошқаруви ва ижро назорати департаменти директори лавозими билан бошланган. 2019 йил ноябрь ойидан банкнинг Кредит директори (CCО), 2020 йил январидан эса Кредит бош директори сифатида фаолият юритган.
2020 йил май ойидан 2023 йил октябригача “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
2023 йил 3 октабрь санасидан бошлаб эса Акбаржонов Азиз Акбаржон ўғли “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритмоқда.
Кузатув кенгаши раиси — Исаков Одилбек Рустамович

Одилбек Исаков — халқаро тажрибага эга молиявий мутахассис ва инфратузилма соҳасидаги эксперт. У 1981 йилда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. Миллати — ўзбек.
Ҳозирда у Лондон ва Тошкентда фаолият юритувчи “Infrasia Capital” МЧЖ бош директори ва ҳаммуассиси ҳисобланади. Ушбу компания Ўзбекистон ва унга туташ бозорларда инфратузилма лойиҳаларини ишга тушириш, бошқариш ва молиялаштиришга ихтисослашган. Исаков 12 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматга эга бўлган лойиҳаларда иштирок этган.
2018 йил сентябридан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида маслаҳатчи сифатида фаолият бошлаган ва тез орада янги ташкил этилган Давлат қарзини бошқариш бошқармасига раҳбарлик қилган. 2019 йил март ойида молия вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.
У вазир ўринбосари сифатида Хазина, Давлат-хусусий шериклик агентлиги, Давлат қарзи бошқармаси, Халқаро рейтинглар, IT маркази ва Капитал бозорини ривожлантириш бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштирган. Шунингдек, капитал бозори устидан назорат вазифасини ҳам амалга оширган.
Исаковнинг асосий ютуқлари — Ўзбекистоннинг илк суверен кредит рейтингини олиш, давлатнинг биринчи евробондларини чиқариш, йирик давлат корхоналарининг халқаро облигация лойиҳаларини мувофиқлаштириш, давлат харидлари қонунчилигини ислоҳ қилиш ва молия тизимини рақамлаштиришдир.
У касбий фаолиятини 2008 йилда HSBC банкининг “Global Banking and Markets” бўлимида стажёр-аналитик сифатида бошлаган. 12 йил давомида HSBCда турли лавозимларда ишлаб, ниҳоят, ривожланаётган бозорлар бўйича капитал бозорлари директори бўлган. У Польша, Туркия, Саудия Арабистони, Румыния, Венгрия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда 70 дан ортиқ муваффақиятли операцияларни амалга оширган.
2002 йилда Буюк Британиянинг Манчестер Метрополитен университетида бизнес иқтисодиёти бўйича имтиёзли диплом, 2006 йилда Стратклайд университетида молия магистри даражасини олган. 2012 йилдан буён халқаро молиявий таҳлилчилар сертификати (CFA) соҳиби.
Шу ергача ўқиб чиққанингиз учун таҳририятимиз номидан миннатдорчилик билдирамиз. Материалнинг иккинчи сони кўп куттирмайди — тез орада бошқа банкларнинг акциядорлари, бошқарув ва кузатув кенгаши раислари ҳамда уларнинг шахси ҳақидаги иккинчи мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳозирча эса шулар.