Ўзбекистон халқаро захиралари бир ойда 6,8 млрд долларга камайди
Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари июнь ойида 6,8 млрд долларга камайиб, 1 июль ҳолатига 63,76 млрд долларни ташкил этди. Пасайишнинг асосий қисми олтин қийматининг тушиши ҳисобига юз берди, бироқ олтиннинг физик ҳажми ошишда давом этган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари 63,76 млрд долларни ташкил қилди. Бу 1 июндаги 70,58 млрд долларга нисбатан 6,83 млрд долларга ёки 9,7 фоизга кам.
Захираларнинг пасайишида асосий омил олтин қийматининг камайиши бўлди. Марказий банк изоҳига кўра, июнь ойида олтин нархининг бир трой унция учун 4516,85 доллардан 4016,70 долларгача тушиши захираларга 6,9 млрд долларлик салбий таъсир кўрсатган.
Натижада захиралар таркибидаги олтиннинг қиймати бир ойда 61,44 млрд доллардан 55,76 млрд долларгача камайди. Шу билан бирга, олтиннинг физик ҳажми аксинча ошган — 13,6 млн трой унциядан 13,88 млн трой унциягача. Бу тахминан 431,7 тонна олтин дегани.
| Кўрсаткичлар | 1 январь 2026 | 1 май 2026 | 1 июнь 2026 | 1 июль 2026 |
|---|---|---|---|---|
| Расмий захира активлари | $66,31 млрд | $70,89 млрд | $70,58 млрд | $63,76 млрд |
| Олтин | $55,09 млрд | $61,59 млрд | $61,44 млрд | $55,76 млрд |
| Соф ҳажми | 12,55 млн трой унция | 13,32 млн трой унция | 13,6 млн трой унция | 13,88 млн трой унция |
| Хорижий валютадаги захира активлари | $10,64 млрд | $8,72 млрд | $8,57 млрд | $7,44 млрд |
| Шу жумладан қимматли қоғозлар | $1,53 млрд | $1,55 млрд | $1,55 млрд | $2,85 млрд |
Хорижий валютадаги захира активлари ҳам қисқарган. Уларнинг ҳажми 1 июндаги 8,57 млрд доллардан 1 июлда 7,44 млрд долларгача камайди. Бунда нақд валюта ва депозитлар 5,72 млрд доллардан 4,58 млрд долларгача тушган.
2026 йил бошидан бери халқаро захиралар 66,31 млрд доллардан 63,76 млрд долларгача камайди. Яъни ярим йил якунида пасайиш 2,55 млрд долларни ташкил қилмоқда.
1 июль ҳолатига захираларнинг қарийб 87,5 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келмоқда. Шу сабабли жаҳон бозорида олтин нархининг ўзгариши Ўзбекистон халқаро захираларининг умумий қийматига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.









