Ўзбекистон халқаро олтин-валюта захиралари май ойида ҳам ўсишда давом этди
Шунга қарамай, захиралардаги олтиннинг жисмоний ҳажми кетма-кет тўртинчи ой камайишда давом этмоқда.

Марказий банк ҳисоботига кўра, 1 июнь ҳолатида Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари $49,66 млрдга етди. Бу апрель ойига нисбатан $410,2 млнга кўпдир.
Захираларнинг катта қисмини ташкил этувчи олтин қиймати деярли ўзгармай, 37,65 миллиард долларни ташкил қилди. Аммо унинг ҳажми 12,4 миллион троя унциягача камайди. Бу захиралардаги олтин ҳажмининг кетма-кет тўртинчи ой камайишидир.
Кўрсаткичлар | 1 январь 2025 | 1 май 2025 | 1 июнь 2025 |
Расмий захира активлари (млрд $) | 41,2 | 49,2 | 49,66 |
Олтин (млрд $) | 32,03 | 37,65 | 37,65 |
Соф ҳажми (млн троя унция) | 12,3 | 11,5 | 11,4 |
Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 8,6 | 11,03 | 11,44 |
Изоҳ: кўрсаткичлар яхлитланган.
Хорижий валютадаги захиралар эса $411,9 млнга ошиб, $11,44 млрдга етган. Қимматли қоғозлар миқдори $706 млн атрофида қолган. Нақд валюта ва депозитлар эса 409 миллион долларга ортиб, $10,74 млрдни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, мазкур бўлим бўйича бошқа марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармасидаги ҳисобларда $550 млн, хорижий банклардаги ҳисобларда эса $10,18 млрд мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари кетма-кет учинчи марта рекорд даражага етиб, 49,2 миллиард долларга чиққан эди.
Шунингдек, Ўзбекистон уч ойдан бери (февраль-апрель) дунёда энг кўп олтин экспорт қилган давлат бўлиб қолмоқда. Апрель ойида 11 тонна олтин сотилган. Йил бошидан бери эса олтин захиралари ҳажми 26 тоннага камайган.