Ўзбекистон ва жаҳон бозорида олтин нархи рекорд ўрнатди
Ўзбекистонда 5 граммли олтин қуйманинг нархи илк бор 9 миллион сўмдан ошди. Жаҳон бозорида эса олтин нархи тарихда биринчи марта бир унция учун 4 600 долларга етиб, рекорд ўрнатди.

Ўзбекистонда 5 граммли олтин қуйма нархи илк бор 9 миллион сўмдан ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, олтиннинг бир грамм нархи 1 802 240 сўмни ташкил этиб, ўтган жумага нисбатан 2 фоиздан ортиқ ошди. Натижада 5 граммли олтин қуйманинг сотиш нархи 9 миллион 10 минг сўмга етди.
Шу билан бирга, олтин қуймаларининг сотиш ва қайта сотиб олиш нархлари ўртасидаги фарқ ўртача 3,88 фоиз атрофида шаклланмоқда.
Олтин қуймаларнинг амалдаги нархлари:
| Оғирлиги | Сотиш нархи |
Қайтариб сотиб олиш нархи | |
| қадоғи бут ҳолатда | қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган ҳолатда | ||
5 грамм | 9 010 000 сўм | 8 660 000 сўм | 8 573 000 сўм |
10 грамм | 18 020 000 сўм | 17 320 000 сўм | 17 145 000 сўм |
20 грамм | 36 040 000 сўм | 34 640 000 сўм | 34 291 000 сўм |
50 грамм | 90 100 000 сўм | 86 601 000 сўм | 85 726 000 сўм |
100 грамм | 180 200 000 сўм | 173 202 000 сўм | 171 453 000 сўм |
Жаҳон бозорида ҳам олтин нархи тарихий рекордларни янгиламоқда. Бир унция олтин нархи 4 600 долларгача кўтарилди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металл 4 573 доллар атрофида савдо қилинмоқда.

Мутахассислар олтин нархининг кескин ошишини бир нечта омиллар билан изоҳламоқда. Аввало, геосиёсий кескинликлар ва глобал ноаниқликлар инвесторларни хавфсиз актив сифатида олтинга йўналтирмоқда. Хусусан, Эрон атрофидаги вазият, ҳарбий хавфлар ва сиёсий беқарорлик бунга мисол бўла олади.
Шунингдек, АҚШда фоиз ставкалари пасайтирилиши кутилаётгани олтинни янада жозибадор қилмоқда. Чунки паст фоиз ставкалари шароитида даромад келтирмайдиган активларни, жумладан олтинни ушлаб туриш нисбатан арзонлашади.
Бундан ташқари, АҚШ меҳнат бозори бўйича эълон қилинган суст кўрсаткичлар ва доллар курсидаги босим ҳам олтин нархининг ўсишига қўшимча туртки бермоқда.
Мавзуга алоқадор:
2026 йилда олтин нархи билан нималар содир бўлади — Прогноз.
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари янги тарихий максимумга етди — $66,3 млрд.









