2026 йилда олтин нархи билан нималар содир бўлади — Прогноз
Pinkod етакчи молиявий институтлар прогнозларига таяниб, 2026 йилда олтин нархи қандай шаклланишини таҳлил қилди.

2025 йил олтин бозори учун тарихий давр бўлди. Йил бошида бир унция олтин 2 634 доллар атрофида савдо қилинган бўлса, йил давомида нархлар кетма-кет рекордларни янгилади.
Март ойида олтин илк бор 3 000 долларлик маррадан ошди, октябрда эса 4 000 доллар чегараси забт этилди. Йил якунига келиб эса нарх 4 550 долларгача кўтарилиб, бир йил ичида қарийб 75 фоизлик ўсишни қайд этди. Ҳозирда олтин бир унцияси 4 370–4 380 доллар атрофида савдо қилинмоқда.
Бундай юқори ўсишдан сўнг, 2026 йилда олтин нархи қандай бўлади — нархлар ўсишда давом этадими ёки пасайиш кузатиладими, деган савол табиий равишда юзага келади. Бугунги мақолада Goldman Sachs, JPMorgan ҳамда Жаҳон олтин кенгаши (WГC) каби ташкилотлар маълумотларига таянган ҳолда, бозор иштирокчилари нималарни кутаётганини таҳлил қиламиз.
2026 йилда нархлар қандай бўлади?
Йирик банклар ва институционал ташкилотлар ўзларининг янгиланган прогнозларини эълон қилишди. Мазкур ташкилотлар асосан доимий талаб ҳамда макроиқтисодий омиллар туфайли олтинга нисбатан ижобий кайфиятда. Қуйида асосий прогнозлар келтирилган:
Goldman Sachs – $4 900
Банк таҳлилчилари базавий сценарийсида олтин нархи 2026 йилнинг декабрь ойига келиб бир унция учун 4 900 долларга етишини прогноз қилмоқда. Бу банкнинг аввалги прогнозига нисбатан 14 фоизга юқори.
JPMorgan – $5 000
Американинг йирик банки олтин нархи 2026 йилнинг тўртинчи чорагида 5 000 долларга етишини кутмоқда. Ушбу даврда ўртача нарх 5 055 долларни ташкил этишини тахмин қилинган. Узоқ муддатли сценарийда, агар диверсификация тенденциялари тезлашса, нархлар 6 000 долларгача кўтарилиши мумкин.
Асосий драйверлар қаторига марказий банкларнинг барқарор харидлари (йилига тахминан 755 тонна), инвесторларнинг кучли оқими, кучсиз доллар, АҚШда пастроқ фоиз ставкалари ва геосиёсий хатарлар киради.
Morgan Stanley – $4 800
Morgan Stanley 2026 йил учун олтин бўйича ижобий прогноз бермоқда. Банк ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил ўрталарига келиб олтин нархи бир унция учун 4 500 доллар, йилнинг тўртинчи чорагига бориб эса 4 800 долларга етади.
Morgan Stanley фикрича, олтин нархининг ўсиши давом этади, бироқ бу ўсиш 2025 йилда кузатилган қарийб 50 фоизлик сакрашга нисбатан секинроқ бўлади. Банкнинг 2026 йил учун ўртача нарх бўйича баҳоси тахминан 4 400 долларни ташкил этади.
UBS – $5 000
UBS 2026 йил учун олтин бўйича ижобий прогноз бермоқда. Банкнинг баҳолашича, йилнинг дастлабки уч чорагида олтин нархи бир унция учун 5 000 долларга етади, йил охирига келиб эса бироз пасайиб 4 800 доллар атрофида шаклланади. Бу кўрсаткич УБСънинг аввалги — 2026 йил охири учун 4 300 долларлик прогнозидан сезиларли даражада юқори.
Шунингдек, оптимистик сценарийда олтин нархи 5 400 долларгача кўтарилиши мумкин.
Yardeni Research – $6 000
Yardeni Research компанияси олтин бўйича жуда ижобий фикрда. Уларнинг раҳбари Эд Ярдени фикрича, 2026 йил охирига келиб олтин нархи 1 унция учун 6 000 долларга етади.
Бу прогноз аввалги баҳолардан анча юқори ва ҳозирча Уолл-стритдаги энг юқори тахминлардан бири ҳисобланади.
Жаҳон олтин кенгаши – 5-15 фоизлик ўсиш
Агар АҚШ иқтисодиёти секинлаша бошласа, Федерал резерв фоиз ставкаларини пасайтирса ва бозорларда хавотир кучайса, олтин нархи 5–15% га ошиши мумкин. Бу — асосий (энг эҳтимолий) сценарий.
Агар дунё иқтисодиётида жиддий муаммолар юзага келса, яъни инқироз чуқурлашса, олтин янада кўпроқ қимматлашиб, 15–30% гача ўсиши мумкин.
Умуман олганда, ушбу институтларнинг консенсус фикри (умумий фикри) олтиннинг йил охирига келиб 4 400 ва 5 300 доллар оралиғида барқарорлашишини, юқори сценарийларда эса 6 000 доллар ёки ундан кўпроққа етишини кўрсатмоқда.
Олтин нархига нималар таъсир қилади?
1. Марказий банклар харидлари
Кўплаб ривожланаётган давлатлар ўз захираларини АҚШ долларидан узоқлаштириб, олтин сотиб олаяпти. Бу талаб нархга деярли боғлиқ эмас, яъни нарх ошса ҳам харидлар тўхтамайди. Шу сабабли олтин нархи юқорига кўтарилиши мумкин.
2. Пул-кредит сиёсати (фоиз ставкалари)
Агар АҚШ Марказий банки фоиз ставкаларини 0,75–1,75 фоизгача пасайтирса, олтин сақлаш янада фойдалироқ бўлади. Чунки фоизлар пасайса, облигациялардан олинадиган даромад камаяди ва инвесторлар олтинни афзал кўра бошлайди.
3. Геосиёсий вазият
Савдо урушлари, сиёсий кескинликлар ва АҚШ сиёсатидаги ноаниқликлар бозорларда хавотирни кучайтиради. Бундай пайтда инвесторлар “хавфсиз бошпана” сифатида олтинни танлайди.
4. Салбий сценарий (хавф)
Агар иқтисодиёт кутилганидан тезроқ ўсиб кетса ёки инфляция ошиб, фоиз ставкалари яна кўтарилса, олтин нархига босим бўлиши мумкин. Бу ҳолатда нарх ўсиши секинлашади ёки вақтинча пасайиши эҳтимоли бор.
Дисклеймер:
Ушбу материал ахборот-маълумот бериш мақсадида тайёрланган бўлиб, инвестицион маслаҳат сифатида талқин қилинмаслиги лозим. Унда келтирилган прогнозлар ва таҳлиллар очиқ манбалар ҳамда молиявий институтлар берган баҳоларга асосланган. Молиявий бозорлар юқори даражадаги таваккалчиликка эга бўлиб, реал натижалар кутилган кўрсаткичлардан фарқ қилиши мумкин.









