Ўзбекистон июль ойида олтин сотишни тиклади
Ўзбекистон икки ойлик танаффусдан сўнг июлда 1,3 млрд долларлик олтин экспорт қилди. Шунга қарамай, йил бошидан буён олтин савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баравар камайган. Олтин экспортидаги пасайиш мамлакатнинг умумий экспортини ҳам 3,6 фоизга қисқартирди.

Ўзбекистон 2026 йил июль ойида олтин экспортини қайта тиклади. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь–июль ойларида номонетар олтин экспорти 2,8 млрд долларни ташкил этган.
Биринчи ярим йилликда бу кўрсаткич 1,5 млрд доллар бўлганини ҳисобга олсак, июль ойининг ўзида қарийб 1,3 млрд долларлик олтин сотилган. Мамлакат жорий йилда олтинни фақат апрель ва июль ойларида экспорт қилган.
Бироқ июлдаги савдо етти ойлик пасайишни қоплай олмади. Олтин экспорти 2025 йилнинг шу давридаги 7,59 млрд доллардан 2,8 млрд долларгача, яъни 63,1 фоизга қисқарди.
Натижада олтиннинг жами экспортдаги улуши бир йил ичида 36,7 фоиздан 14,1 фоизгача тушди. Бу 22,6 фоиз пунктлик пасайишни англатади.
Январь–июль ойларида Ўзбекистоннинг умумий экспорти 3,6 фоизга камайиб, 19,93 млрд долларни ташкил этди. Олтинни ҳисобга олмаганда эса товарлар экспорти 27,7 фоизга ўсиб, 9,8 млрд долларга етган.
Хусусан, саноат товарлари экспорти 22,4 фоизга — 2,87 млрд долларгача, хизматлар экспорти эса 35,3 фоизга — 7,33 млрд долларгача ошди. Шу тариқа, бошқа йўналишлардаги ўсиш олтин савдосидан йўқотилган қарийб 4,8 млрд долларлик тушумнинг катта қисмини қоплаган.
Айни пайтда импорт 17,8 фоизга ошиб, 29,6 млрд долларни ташкил этди. Натижада ташқи савдо тақчиллиги ўтган йилги 4,44 млрд доллардан 9,67 млрд долларгача кенгайди. Бу ташқи савдо айланмасидаги 8,1 фоизлик ўсиш асосан импорт ҳисобига юз берганини кўрсатади.









