OpenAI яқин ҳафталар ичида сунъий интеллектли браузерини тақдим этади — Reuters
Янги браузер Google’нинг Chrome браузерига жиддий рақобатчи бўлиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, у яқин ҳафталарда оммага намойиш этилади ва фойдаланувчиларнинг интернетдан фойдаланиш услубини тубдан ўзгартиришни мақсад қилган.

OpenAI тез орада сунъий интеллект билан интеграцияланган янги веб-браузерни тақдим этади. Бу ҳақда Reuters нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Янги браузер Alphabet компаниясининг (яъни Google’нинг) Chrome браузерига жиддий рақобатчи бўлиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, у яқин ҳафталарда оммага намойиш этилади ва фойдаланувчиларнинг интернетдан фойдаланиш услубини тубдан ўзгартиришни мақсад қилган.
OpenAI бу орқали Google’нинг энг кучли қуролларидан бири — фойдаланувчи маълумотларига — бевосита кириш имкониятига эга бўлади.
Агар OpenAI браузери ChatGPT’нинг ҳафталик 500 миллион фаол фойдаланувчиси томонидан қабул қилинса, бу Google’нинг реклама орқали даромад топиш тизимига кучли босим ўтказиши мумкин. Чунки Chrome фойдаланувчи маълумотларини йиғиш орқали Google’га аниқ, нишонли ва самарали реклама жойлаштириш имконини беради ҳамда одамларни автоматик равишда ўз қидирув тизимига йўналтиради.
Манбаларнинг таъкидлашича, OpenAI браузери оддий веб-саҳифаларни кўришдан кўра, фойдаланувчиларга кўплаб вазифаларни тўғридан-тўғри ChatGPT услубидаги сунъий интеллект чат ойнаси орқали бажаришга имкон беради.
Бу ташаббус OpenAI’нинг ўз сунъий интеллект хизматларини инсонларнинг кундалик ҳаёти ва иш фаолиятига чуқур сингдириш режасининг муҳим қисмидир. Манбаларнинг айтишича, OpenAI браузери орқали “Operator” каби сунъий интеллект агентларини ҳам интернетга тўлиқ интеграция қилиш кўзда тутилган — яъни фойдаланувчи номидан веб-сайтларда ҳаракатланиш, шаклларни тўлдириш, буюртмаларни расмийлаштириш каби амалларни автоматик бажарадиган тизимлар яратилмоқда.
Шунга қарамай, OpenAI учун бу рақобат осон кечмайди. Google Chrome ҳозирда 3 миллиарддан ортиқ фойдаланувчига эга ва дунё бозорининг қарийб 66 фоизини эгаллаган. Иккинчи ўринда эса Apple’нинг Safari браузери бор, у эса атиги 16 фоизлик улушга эга.
Бундан ташқари, бозорда сунъий интеллект билан ишловчи бошқа браузерлар ҳам мавжуд. Масалан, яқинда Perplexity компанияси “Comet” номли янги AI браузерини тақдим этди — у ҳам фойдаланувчи номидан интернетда ҳаракатлана олади. Шунингдек, Brave ва The Browser Company каби стартаплар ҳам AI интеграцияланган браузерлар устида ишламоқда.
Маълумотларга кўра, OpenAI ўз браузерини Google Chrome’нинг очиқ кодли версияси — Chromium асосида ишлаб чиқмоқда. Айтиш жоизки, Microsoft Edge ва Opera браузерлари ҳам айнан шу платформага таянади.
Мавзуга доир: AI иш ўринларини яратадими ёки йўқ қиладими? Технология етакчилари турли фикрда