12 006.390 so‘m

decrease

-28.870

13 765.330 so‘m

increase

54.760

150.440 so‘m

decrease

-1.020

12 006.390 so‘m

decrease

-28.870

1 соат аввал
Банк
36

Омонат фоизларини солиққа тортиш таклифи расмий ташаббус эмас — Марказий банк

Жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этиш бўйича расмий таклиф ёки қонун лойиҳаси мавжуд эмас. Марказий банкка кўра, муҳокамаларга сабаб бўлган ғоя илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида билдирилган.

Омонат фоизларини солиққа тортиш таклифи расмий ташаббус эмас — Марказий банк

 Аввалроқ Pinkod.uz Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва фискал таҳлиллар институти банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини солиққа тортишни таклиф қилгани ҳақида ёзган эди.

Марказий банк матбуот хизмати ушбу таклиф Фискал таҳлиллар институти томонидан ўтказилган илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида илгари сурилганини маълум қилди.

Регуляторнинг қайд этишича, илмий-тадқиқот муассасалари халқаро тажриба ва иқтисодий жараёнларни ўрганиб, турли таҳлилий ғояларни муҳокамага олиб чиқиши табиий жараён ҳисобланади.

“Мазкур фикр илмий-тадқиқот натижалари тақдимоти доирасида билдирилган бўлиб, расмий таклиф сифатида киритилмаган”, — дейилади Марказий банк хабарида.

Марказий банк бундай ташаббусларни ўрганишда уларнинг молиявий ресурслар қиймати, банкларнинг ресурс базаси ва молиявий барқарорликка таъсири комплекс баҳоланишини билдирди.

Бу дегани, омонат фоизларига солиқ жорий этилиши банклардаги жамғармалар ҳажми, депозит ставкалари ва банкларнинг аҳоли маблағларини жалб қилиш имкониятларига қандай таъсир қилиши ҳам ҳисобга олиниши керак.

Институт ҳам таклиф расмий эмаслигини билдирди

Фискал таҳлиллар институти ҳам омонат фоизларини солиққа тортиш ғояси бўйича алоҳида изоҳ берди.

Институтга кўра, ушбу ғоя унинг илмий ходимлари тайёрлаган таҳлилий тадқиқот натижаси бўлиб, “Фискал мулоқот” тадбирида экспертлар ва мутахассислар ўртасидаги касбий муҳокама учун тақдим этилган.

У ҳеч қандай расмий қарор, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки қонун лойиҳаси мақомига эга эмас.

Шунингдек, институт мазкур таклиф амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритилганини ёки солиқ яқин вақт ичида жорий этилишини англатмаслигини таъкидлади.

Солиқ кодексига ўзгартиришлар фақат белгиланган тартибда, тегишли давлат органлари томонидан кўриб чиқилиб, жамоатчилик ва экспертлар иштирокидаги муҳокамалардан кейин тасдиқланиши мумкин.

“Айни пайтда жисмоний шахсларнинг банк омонатлари бўйича фоизлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ, аввалгидек даромад солиғидан озод бўлиб қолмоқда”, — дейилади институт изоҳида.

Тадқиқот хорижий давлатлар тажрибаси асосида тайёрланган. Институт унинг мақсади турли даромад турларига солиқ солишдаги мувозанат ва адолатлиликни илмий жиҳатдан баҳолаш эканини қайд этди.

“Бу каби таҳлиллар турли эҳтимолий ёндашувларни, уларнинг ижобий ва салбий томонларини очиб бериш учун ўтказилади”, — дейилади хабарда.

Ўзи нима таклиф қилинаётган эди?

Фискал таҳлиллар институти мутахассислари жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган фоиз даромадларини дивидендлар билан бир хил тартибда солиққа тортиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган эди.

Таклифга кўра, омонат бўйича олинган фоиз даромадига 5 фоизлик жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қўлланиши мумкин эди.

Масалан, фуқаро бир йил давомида омонатидан 10 млн сўм фоиз даромади олса, таклиф этилган ёндашув бўйича унинг 500 минг сўми солиқ сифатида ундирилиши мумкин эди.

Бунда солиқ фуқаронинг банкка қўйган асосий маблағига эмас, фақат банк томонидан ҳисобланган фоиз даромадига татбиқ этилиши назарда тутилган.

Айни пайтда эса Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган фоиз даромадлари солиққа тортилмайди. Мазкур тартибни ўзгартириш бўйича расмий қонун лойиҳаси ёки ваколатли давлат органининг якуний қарори эълон қилинмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+