Олтин нархи уч ой ичида бир унция учун $3 000 гача чиқади — Citibank
Янги бож тарифлари ва геосиёсий ноаниқликлар фонида Citibank қисқа муддатли ва ўртача нарх прогнозларини янгилади.

Дунёнинг етакчи банклари, геосиёсий ноаниқликлар фонида 2025 йил давомида олтин нархлари юқори даражада қолишини ва $3,000 га етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мазкур ўсишнинг асосий омилларидан бири, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг тажовузкор савдо сиёсати бўлиб, Канада, Мексика ва Хитой каби асосий савдо ҳамкорларига қўшимча тарифлар жорий этиши натижасида бу давлатлар жавоб чораларини кўрмоқда.
Citibank ушбу ўзгаришларга асосан олтиннинг қисқа муддатли (0-3 ой) нарх прогнозини $2,800 дан $3,000 гача оширди, 6-12 ой муддатга бўлган прогнозини эса ўзгаришсиз – $3,000 даражасида қолдирди. Банк, шунингдек, 2025 йил учун ўртача нарх бўйича тахминини $2,800 дан $2,900 га оширди.
“Трампнинг иккинчи президентлик даврида савдо урушлари ва геосиёсий тарангликлар захираларни диверсификация қилиш ҳамда доллардан воз кечиш (де-долларизация) жараёнини кучайтириб, ривожланаётган бозорларда марказий банкларнинг олтин талабини ошириши кутилмоқда”, — деб ёзди Citibank ўз ҳисоботида.
“Биз олтиннинг ўсишини давом эттиришини кутмоқдамиз, чунки у иқтисодий ўсиш ва бошқа хавфларга қарши ҳимоя воситаси сифатида хизмат қилади. Бу хавфларга савдо урушлари, ҳануз юқори бўлган фоиз ставкаларининг иқтисодий ўсишга таъсири, АҚШ меҳнат бозорининг барқарор ёмонлашуви, АҚШдан ташқаридаги валюта қадрсизланиш хавфи ва АҚШ фонд бозори пасайиш эҳтимоли киради”, — деб қўшимча қилган банк.
Олтин ўсишда давом этмоқда. Чоршанба куни нархлар янги тарихий рекорд даража — 2,882 долларга етди. Кетма-кет беш кунлик ўсишнинг асосий сабабларидан бири йирик иқтисодиётлар ўртасидаги кучайиб бораётган савдо таранглиги, иқтисодий ўсиш бўйича ортиб бораётган хавотирлар ва АҚШ Федерал Резерв тизимининг фоиз ставкалари бўйича келажакдаги қарорларининг ноаниқлиги бўлди.
Мавзуга доир: 2025 йилда олтин нархи билан нималар содир бўлади?