12 586.410 so‘m

increase

54.630

14 758.820 so‘m

increase

220.700

160.420 so‘m

increase

0.600

12 586.410 so‘m

increase

54.630

16 соат аввал
Банк

Насия савдо бизнесига қарши эмасмиз, аммо уни тартибга солиш керак — Тимур Ишметов

1 январь ҳолатига кўра, насия савдо билан шуғулланаётган ташкилотларнинг жами кредит портфели 8,5 триллион сўмга етди. Аҳолининг яширин қарз юки ортиб бораётгани, шартномаларда устама ва фоиз ставкалари очиқланмаётгани сабабли Марказий банк бу соҳани давлат томонидан тартибга солишни таклиф қилмоқда.

Насия савдо бизнесига қарши эмасмиз, аммо уни тартибга солиш керак — Тимур Ишметов
Фото: Сенат матбуот хизмати

26 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Марказий банкнинг 2024 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот тингланди. Унда Марказий банк раиси Тимур Ишметов сўзга чиқиб, бир қатор масалалар қаторида насия савдо бозорига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Ишметовнинг таъкидлашича, 2025 йил 1 январь ҳолатига насия савдо билан шуғулланадиган ташкилотларнинг умумий кредит портфели 8,5 триллион сўмга етган. Ушбу портфель таркибида 26 фоизи лицензияга эга бўлган икки микромолия ташкилотига, 7 фоизи тижорат банкларига, қолган 67 фоизи эса тадбиркорлик субъектларига тўғри келади.

“Рақамлар кичик бўлганида бу ҳолатга эътибор бермаслигимиз мумкин эди. Бироқ бугунги кунда 8,5 триллион сўмлик портфель шакллангани инобатга олинса, бу кўрсаткич келгусида бир неча баробар ортиши мумкин”, — деди Ишметов.


Мавзуга доир: Uzum Nasiya ва унинг ҳамкорлари қанча фойда кўради?


Шунингдек, у насия савдо шартномаларида устама тўловлар ёки реал самарали фоиз ставкаларининг аниқ кўрсатилмаслиги аҳолининг ортиқча қарз юкига олиб келаётганини, натижада микромолия ташкилотлари ва банк кредитларининг ўз вақтида қайтарилмай, муаммоли кредитларга айланиш хавфи кучаяётганини таъкидлади.

Бугунги кунда тижорат банклари ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан қарз ажратишда мижознинг қарз юки 50 фоиздан ошмаслиги бўйича меъёр мавжуд. Бироқ, аҳолининг насия савдо орқали олган кўплаб қарз мажбуриятлари Кредит бюроси базасида қайд этилмагани туфайли, уларнинг ҳақиқий қарз юки баҳоланишдан четда қолмоқда. Натижада банклар бундай мижозларга белгиланган меъёрлардан ортиқ кредит ажратмоқда.

“Насия савдо тизими аҳолининг қарз юки бўйича мавжуд меъёрларга риоя этишга тўсқинлик қилмоқда. Шу боисдан биз мазкур бозорни давлат томонидан тартибга солиш таклифини илгари сурмоқдамиз”, — деди Марказий банк раиси.

Шу муносабат билан Марказий банк томонидан насия савдо бозорини тартибга солишга оид зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ишметов Марказий банкнинг насия савдо фаолиятининг ўзига қарши эмаслигини ҳам алоҳида таъкидлади:

“Биз насия савдо бозоридаги бизнесга мутлақо қарши эмасмиз. Бироқ биз учун муҳим жиҳат шундаки, насия асосида қарз берувчи ташкилотлар бу маълумотларни мажбурий равишда Кредит бюросига етказсин. Бу орқали банклар аҳолининг реал қарз юки ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Шунингдек, насия шартномаларида маҳсулотга қўшилган устама ҳаққи очиқ-ойдин кўрсатилиши лозим. Бу каби талабларни қонунчиликка киритиш таклифини бермоқдамиз”.


Аввалроқ Pinkod Марказий банк таҳлилига асосланиб, маҳсулот харид қилишда банк кредити ва насия савдонинг қайси бири фойдалироқ экани юзасидан таҳлилий мақола эълон қилган эди. Ушбу мақола билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:

Банк кредити ёки насия савдо: қайси бири ҳақиқатан ҳам фойдалироқ?

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+