12 123.380 so‘m

increase

51.350

14 094.640 so‘m

increase

77.810

149.190 so‘m

increase

1.180

12 123.380 so‘m

increase

51.350

04 октябрь, 16:02
Банк

Марказий банк насия савдоси иштирокчилари учун Ахлоқ кодекси лойиҳасини эълон қилди

Лойиҳа FinTex Ассоциацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, у насия савдо ташкилотлари учун икки босқичли “Ишонч белгиси” тизимини жорий этишни кўзда тутади.

Кодексга мувофиқ, ташкилотлар расмий веб-сайтларида тўлиқ ва аниқ ахборот тақдим этиши, рекламаларда чалғитувчи маълумотлардан воз кечиши, шунингдек, истеъмолчига шартнома тузишдан олдин барча харажатлар, устамалар ва фоиз ставкаларини ошкора кўрсатиши керак.

Марказий банк насия савдоси иштирокчилари учун Ахлоқ кодекси лойиҳасини эълон қилди
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк насия савдоси бозори иштирокчилари учун Ахлоқ кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этди

Регулятор ушбу ҳужжатни матн шаклида эмас, балки тақдимот кўринишида эълон қилди. Лойиҳа насия савдо бозорида шаффофликни кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ортиқча қарз юки хавфини камайтириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ва молиявий тизим барқарорлигини мустаҳкамлашни мақсад қилади.

Лойиҳа FinTex Ассоциацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Кодекс талабларига риоя этувчи ташкилотларга махсус “Ишонч белгиси” берилади. Белгига эга ташкилотларнинг рўйхати FinTex Ассоциациясининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Ишонч белгисини олиш тартиби икки босқичда амалга оширилади.

  • 1-босқич (2025 йил 1 ноябргача): енгиллаштирилган тартиб амал қилади. Бу даврда ташкилотлар FinTex Ассоциациясига аъзо бўлади, Ахлоқ кодексига риоя қилиш мажбуриятини эълон қилади ҳамда фаолиятини кодекс талабларига мувофиқлаштиради. Шундан сўнг Ассоциациянинг ижобий хулосасига кўра ишонч белгиси берилади.
  • 2-босқич (2025 йил 1 ноябрдан бошлаб): тўлиқ тартиб жорий этилади. Бу босқичда ташкилотларнинг кодексга мувофиқлиги мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан текширилади. Ижобий баҳо олган субъектларга ишонч белгиси берилади ва улар ҳар уч йилда бир марта қайта баҳоловдан ўтади.

Шаффофлик талаблари

Ахлоқ кодексига мувофиқ, насия савдо ташкилотлари ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни очиқ жойлаштириши керак:

  • ташкилотнинг расмий номи ва контакт маълумотлари;
  • товар ва хизматлар ҳақидаги тўлиқ ахборот;
  • шикоятларни кўриб чиқиш тартиби;
  • барча тўловлар ва уларнинг ҳисоблаш усуллари;
  • тўловларни амалга ошириш тартиби ва хизматлардан фойдаланиш шартлари;
  • махфийлик сиёсати;
  • Ахлоқ кодексига ҳавола ҳамда ишонч белгиси статуси.

Шунингдек, шартнома тузишдан олдин истеъмолчига маҳсулот ёки хизматнинг тўлиқ нархи, барча устама ва комиссияларни ўз ичига олган умумий сумма, тўлов жадвали, йиғим ва жарималар, йиллик фоиз ставкаси (АПР), муддатидан олдин бекор қилиш шартлари, кечиктирилган тўлов оқибатлари, ташкилотнинг ишонч белгиси рақами ва алоқа маълумотлари тақдим этилиши зарур.

Реклама фаолиятига қўйиладиган талаблар

Насия хизматларига оид реклама “Реклама тўғрисида” ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга тўлиқ мос бўлиши керак. Масалан, “0%” ва “бепул” ибораларидан (агар ҳақиқатга мос келмаса) фойдаланмаслик, шунингдек, “барча мижозлар учун мос” ёки “хавфсиз” эканлиги каби хабарлар тарқатмаслик лозим. 

Агар реклама Исломий молия тамойилларига асосланган бўлса, махсус кенгаш хулосасига ҳавола келтирилиши лозим. Шунингдек, рекламаларда кечиктирилган тўловлар ёки қўшимча йиғимлар бўлиши мумкинлиги аниқ кўрсатилиши шарт.

Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

Ташкилотлар истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмини ишлаб чиқиб, уни веб-сайт ва мобил иловада очиқ эълон қилиши керак. Мурожаатлар телефон, ёзма ёки электрон шаклда қабул қилинади. Cалл-марказлар ташкил этилади. Аризалар қонунчилик талабларига мувофиқ холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, ҳуқуқбузарликлар аниқланса — уларни бартараф этиш ва етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилиши лозим.


Марказий банк насия бозорини тартибга солишга анчадан бери қизиқиш билдириб келади. 

Хусусан, регулятор раиси Тимур Ишметов июнь ойидаги Сенатдаги нутқида Марказий банк насия савдо бизнесига қарши эмаслигини, фақат уни тартибга солиш кераклигини таъкидлаган эди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+