Марказий банк FinTex ассоциациясини насия бозорида регулятор қилмоқчими?
Марказий банк эълон қилган лойиҳага кўра, насия савдоси иштирокчиларига “ишонч белгиси”ни бериш тартиби белгиланган.
Белгини олиш учун ташкилотлар ассоциацияга аъзо бўлиши керак бўлиб, аъзолик бадали резидентлар учун 12 млн сўм, норезидентлар учун эса 1 200 доллар этиб белгиланган.
Мазкур ёндашув бозор механизмлари ва тартибга солиш масалаларига оид муҳокамаларга сабаб бўлди:

Марказий банк насия савдоси бозори иштирокчилари учун Ахлоқ кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжатда ташкилотлар учун “Ишонч белгиси” (трустмарк) олиш тартиби кўрсатилган.
Лойиҳага кўра, насия савдоси бозорида фаолият юритувчи ташкилотлар “ишонч белгиси”ни олишлари учун FinTex ассоциациясига аъзо бўлишлари шарт бўлади. Яъни, бутун бозор иштирокчиларига ушбу белги давлат идоралари томонидан эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган FinTex ассоциацияси томонидан берилади.

Ассоциацияга аъзолик пуллик. Ташкилотнинг расмий сайтига кўра, аъзолик бадали ресидентлар учун йилига ҚҚСсиз 12 млн сўм, норезидентлар учун эса 1 200 АҚШ долларини ташкил этади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу талабни кескин баҳолаб, уни “баҳсли ва эътирозли” деб атади. Унга кўра, мажбурий-аъзолик шарти рақобат тамойилларига зид бўлиб, бозорнинг сунъий концентрациясига ва қон янги регулятор шаклланишига олиб келади:
“Агар рақобат принципларига мутлақо зид бўлган, истиқболда насия савдо бозорининг сунъий концентрациясига ва навбатдаги қонунсиз регулятор ясалишига олиб келадиган Финтех Ассоциациясига ихтиёрий-мажбурий аъзо бўлиш билан боғлиқ талаблари олиб ташланса, қабул қилса бўлади”, — дейди иқтисодчи.
Мутахасис шунингдек FinTex ассоциациясига бундай ваколат берилиши қонуний асосга эга бўлиши шартлигини таъкидлаган:
“Барака топгурлар, агар қанақадир чўнтак Финтех Ассоциациясини бозор регуляторига айлантирмоқчи бўлсангизлар, буни қонун билан амалга ошириш керак. Ҳатто матни йўқ аҳлоқ кодекси билан эмас”, — деган ўз Telegram каналида.
Ассоциация сайти ҳақида
Лойиҳада “ишонч белгиси” эгалари рўйхатини FinTex ассоциацияси ўзининг расмий сайтида юритиши белгиланган.
Бироқ сайтнинг ўзи бир қатор муаммоларга эга. Энг аввало, у фақат рус тилида ишлайди ва ўзбек тилига ўтиш имконияти мавжуд эмас. Интерфейснинг бир қисми рус тилида, айрим бўлимлар эса инглиз тилидаги шаблон ҳолатида қолган. Оддий фойдаланувчи ундан самарали фойдаланиши учун камида икки тилни билиши керак бўлади.
Ҳозирда ассоциация аъзолари сифатида атиги тўртта ташкилот кўрсатилган: UZCARD, UZINFOCOM, Alif ва Delta M Group. Сайтда Ўзбекистон финтеч бозори ва банк тизимига оид тадқиқотлар мунтазам эълон қилиб борилиши айтилган бўлса-да, 2023 йилдан буён бирорта ҳам тадқиқот жойлаштирилмаган.