11 814.050 so‘m

increase

11.860

13 482.190 so‘m

decrease

-45.480

139.930 so‘m

increase

0.060

11 814.050 so‘m

increase

11.860

3 соат аввал
Иқтисодиёт
87

Марказий банк BlackRock билан захираларни бошқариш бўйича ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон Марказий банки дунёдаги энг йирик инвестицияларни бошқарувчи компаниялардан бири — BlackRock билан халқаро захираларни бошқариш бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганади. Томонлар активларни тақсимлаш, инвестиция портфелини шакллантириш ва хатарларни бошқариш бўйича тажриба алмашади.

Марказий банк BlackRock билан захираларни бошқариш бўйича ҳамкорлик қилади

Марказий банк ва BlackRock ўртасидаги англашув меморандуми 18 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган Халқаро давлат захираларини бошқариш форуми — IPAM 2026 доирасида имзоланган. Ҳужжат икки йил давомида амал қилади.

Меморандумга кўра, томонлар захираларни стратегик активлар бўйича тақсимлаш, портфелни шакллантириш, инвестиция ечимлари ва хатарларни бошқариш масалаларида ҳамкорлик қилади. Бундан ташқари, капитал бозорларидаги кутилмалар ва макропруденциал таҳлил бўйича тажриба алмашиш режалаштирилган.

BlackRock Investment Institute Марказий банк учун глобал молия бозорларидаги ўзгаришлар ва макроиқтисодий истиқболлар бўйича мунтазам брифинглар ўтказиши ҳам кўзда тутилган. Марказий банк мутахассислари BlackRock’нинг форум, семинар ва таълим дастурларида қатнашиши мумкин.

Айни пайтда меморандум BlackRock’ка Ўзбекистоннинг халқаро захираларини бевосита бошқариш ваколатини бермайди. Ҳужжат инвестиция мандати, битим ёки томонлар учун молиявий мажбурият ҳам юзага келтирмайди. Амалий ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари зарур бўлса, кейинчалик алоҳида келишувлар орқали белгиланади.

Марказий банк айни даврда захираларни бошқариш тизимини диверсификация қилиш масаласини бошқа халқаро институтлар билан ҳам муҳокама қилмоқда. Хусусан, Citibank билан валюта ва олтин захираларини диверсификация қилиш ҳамда активларни тақсимлашни оптималлаштириш, PIMCO билан эса ташқи бошқарув ва облигациялар портфелини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

IPAM 2026 доирасида Марказий банк BlackRock’дан ташқари Goldman Sachs, Amundi, Natixis ва PIMCO каби йирик глобал актив бошқарувчилари билан музокаралар ўтказган. Умуман, форум давомида халқаро ҳамкорлар билан 20 та икки томонлама учрашув ташкил этилган.

Марказий банк Жаҳон банки билан захираларни бошқариш бўйича RAMP дастури доирасида 2020 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келади. Ҳозир томонлар ушбу ҳамкорликни яна уч йилга узайтириш ва захира активларини диверсификация қилиш йўналишларини кенгайтиришни муҳокама қилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+