Кумуш нархи 1980 йилдан бери энг юқори даражага чиқди
Нью-Ёрк биржасида кумуш фьючерслари 7 фоизга ошиб, бир троя унцияси учун 52,63 долларга етди. Кумуш нархлари жорий йил бошидан бери қарийб 75 фоизга ошгани кузатилмоқда. Бунга хавфсиз сармоя излаётган инвесторлар, саноатдаги кучли талаб ва давом этаётган таклиф танқислиги сабаб бўлди.

Нью-Ёрк биржасида кумуш фьючерслари 7 фоизга ошиб, бир троя унцияси учун қарийб 52,63 долларга етди. Бу 1980 йилда ўрнатилган аввалги рекорддан ҳам юқори натижа бўлди.
Кумуш нархлари бу йил ҳисобидан қарийб 75 фоизга юқорилади. Бунга хавфсиз сармоя излаётган инвесторлар, саноатдаги кучли талаб ва давом этаётган таклиф танқислиги сабаб бўлди.
Шунингдек, кумушнинг спот нархи, яъни реал вақт режимидаги қиймати ҳам бир унция учун 52 доллардан ошди. Spot кумуш 9-октабр куни 1980 йилдан бери илк бор 50 долларлик чегарани босиб ўтганидан сўнг ўсишда давом этмоқда. хабар тайёрланаётган пайтда бир унция кумуш 51,53 доллардан савдо қилинмоқда.
Нега кумуш нархлари кўтарилмоқда?
Бу йил инвесторлар геосиёсий беқарорлик ва иқтисодий ноаниқлик шароитида олтин ва кумуш каби қаттиқ активларга мурожаат қилмоқда. Тарифлар, инфляция, Федерал резерв мустақиллиги ва давлат қарзлари билан боғлиқ хавотирлар бунга туртки бўлди.
Кумуш нархларининг ошишига олтиннинг рекорд даражадаги ўсиши ҳам таъсир қилмоқда. Кумуш одатда олтиннинг нисбатан арзонроқ, аммо хавфсиз альтернативаси сифатида қаралади. Олтиннинг ўзи эса яқинда 14 октябрь куни бир унция учун 4 170 доллардан ошиб, тарихий рекорд ўрнатди.
Нархларнинг кўтарилишига фақат инвесторлар эмас, балки саноат талаби ҳам сабаб бўлмоқда. Кумуш маълумот марказлари, қуёш панеллари ва смартфонлар ишлаб чиқаришда ҳам кенг қўлланилади.
Шунингдек, таклифдаги муаммолар ҳам нархларнинг юқорилигини қўллаб-қувватламоқда.
Zaner Metals компанияси вакили Питер Грантнинг сўзларига кўра, кумуш бозори кетма-кет беш йилдирки, “ривожланмаётган қазиб олиш ҳажмлари” сабабли талабдан орқада қолмоқда.
Ўтган икки йил ичида олтин нархлари ҳам сезиларли даражада ошди. Бунга инвесторларнинг хавфсиз сармояга ўтиши ва марказий банкларнинг доллардан узоқлашиб, олтин захираларини кўпайтириши сабаб бўлди.
Бу “хавфсиз активлар”га бўлган қизиқиш бу йил платина ва кумушга ҳам тарқалди. Кумуш ва платина мос равишда 75 ва 80 фоизга ошиб, 50 фоиздан ортиқроқ кўтарилган олтиндан ҳам юқори натижа қайд этди.
Аввалроқ Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи рекорд ўрнатгани хабар қилинган эди.
14 октябрь ҳолатига кўра, 5 граммли олтин қуймасининг нархи илк маротаба 8,3 млн сўмдан ошди.