KFC, EVOS ва Oqtepa Lavash: йирик фаст-фуд тармоқлари Ўзбекистонда қанча солиқ тўлайди?
2025 йилда умумий овқатланиш соҳасидаги корхоналарнинг жами савдо айланмаси 21 трлн сўмни ташкил этди. Йил давомида энг кўп солиқ тўлаган ва энг кўп даромад қилган компания KFC фаст-фуд тармоғи бўлди.

2025 йилда Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳасидаги корхоналарнинг жами савдо айланмаси 21 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу соҳада фаолият юритаётган 20,4 минг нафар юридик шахс томонидан давлат бюджетига жами 1,7 трлн сўм солиқ тўланган. Фойдаланилган солиқ имтиёзлари ҳажми эса 149,7 млрд сўмни ташкил этган.
ТОП-20 энг кўп солиқ тўловчи корхоналар умумий савдо айланмасининг 22,7 фоизини (4,8 трлн сўм) ва солиқ тушумларининг 19,6 фоизини таъминлаган.
Йил давомида энг кўп солиқ тўлаган корхона KFC бренди остида фаолият юритувчи International Foodchain МЧЖ бўлди — компания 89,5 млрд сўм солиқ тўлаган.

Иккинчи ўринни 69 млрд сўм солиқ тўлови билан Evos фаст-фуд тармоғи эгаллади. Кучли учликни эса 40,4 млрд сўм солиқ тўлови билан Кетринг МЧЖ якунлаб берди.
Шунингдек, Оқтепа Lavash, Feed Up ва Bellissimo Pizza фаст-фуд тармоқлари ҳам энг кўп солиқ тўлаган ТОП-10 компаниялар қаторидан жой олди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда KFC ресторанлари Эвосъни ортда қолдириб, 1 трлн сўмдан ортиқ даромад қилган Ўзбекистондаги илк фаст-фуд тармоғига айланди.
Йил давомида KFC даромади 36 фоизга ошиб, 1,06 трлн сўмга етган. Аксинча, Evos даромади 3 фоизга камайиб, 835,4 млрд сўмни ташкил этган.
Соф фойда кўрсаткичлари ҳам KFC фойдасига ўзгарган:
2024 йил:
- KFC — 62,1 млрд сўм
- Эвос — 74,1 млрд сўм
2025 йил:
- KFC — 100,4 млрд сўм (+61,7%)
- Evos — 58,6 млрд сўм (-20,9%)









