Жамият босими ва “уят” ҳисси: ўзбекистонликларни тўй учун ортиқча харажатга нима мажбур қилмоқда?
Юксалиш ҳаракати сўровномасига кўра, аҳолининг катта қисми тўй учун бир йиллик даромадидан кўпроқ харажат қилади. Уларни бунга ундайдиган омиллар қаторида жамият босими, “уят” ҳисси, ота-оналарнинг орзу-ҳаваси, ёшлар истаги ва қуда томон талаблари асосий сабаблар сифатида кўрсатилган.

Ўзбекистонда тўй маросимлари кўпчилик учун катта ҳаётий воқеа бўлиши баробарида, кўпинча оилалар зиммасига оғир молиявий юк сифатида ҳам тушмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган сўров натижалари бу ҳолатни чуқурроқ англашга ёрдам беради.
Ҳаракат сўровномасида иштирок этган 1247 нафар фуқароларнинг 81 фоизи ойига 5 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача даромад топишини билдирган бўлса-да, уларнинг 65 фоиздан ортиғи тўй учун 50 миллиондан 100 миллион сўмгача ёки ундан ҳам кўпроқ харажат қилганини айтган.
Бу рақамлар тўй маросимлари кўплаб оилалар учун йиллик даромаддан ҳам кўпроқ харажатни англатишини кўрсатади.
Аҳолининг катта қисми бу харажатларни ўз даромади ҳисобидан эмас, балки ташқи ёрдам ёки қарз ҳисобига қопламоқда. Жумладан, респондентларнинг 55,2 фоизи тўй харажатларини яқинлар ёрдамида ҳал қилганини айтса, 25,1 фоизи бунга қарз олганини тан олган. Атиги 14,1 фоиз респондент даромади тўйга етганини билдирган. Бу эса, молиявий жиҳатдан беқарорликка олиб келадиган омилларни юзага чиқаради.
Сўровда қатнашганлар тўй харажатларининг ортиқча бўлишига бир нечта ижтимоий-психологик сабабларни кўрсатган. Энг кўп қайд этилган сабаб — “жамият босими” бўлиб, 46,11 фоиз респондент айнан эл олдида тўй қилиш заруриятини харажатлар ортишининг асосий сабаби сифатида кўрсатган. “Уят бўлмасин”, “юзимиз ерга қарамасин” каби ижтимоий стереотиплар тўйларни жамиятда ўзини кўрсатиш воситасига айлантирган.
Бундан ташқари, 31,36 фоиз иштирокчи тўйда ёшларнинг орзу-ҳавасини инобатга олиш харажатларни ошираётганини билдирган. 29,03 фоиз эса ота-онанинг орзулари бу борада муҳим омил эканини айтган. Айниқса, катта авлод вакиллари ўз фарзандининг тўйини катта миқёсда ўтказишни бурч, шараф ёки нуфуз белгиси сифатида қабул қилмоқда. Қуда томоннинг талаблари ҳам муҳим омил бўлиб, 16,6 фоиз иштирокчи айнан шу сабаб харажатлар ошганини тан олган.
Қизиғи шундаки, аксарият одамлар ҳашаматли тўйни идеал деб ҳисобламайди. 39,6 фоиз иштирокчи тўй камтарона, яқинлар даврасида бўлиши кераклигини билдирган. Атиги 6,6 фоизи ҳашамат тарафдори бўлган.
Бундан ташқари, 44,5 фоиз респондент тўйга ортиқча пул сарфлаганидан афсусда эканини билдирган. Бу тўй маросимлари кўпинча ортиқча стресс, қарз ва молиявий босимга сабаб бўлаётганидан далолат беради.
Агар уларга танлов берилса, кўпчилик тўйга сарфланадиган маблағни бошқа, кўпроқ фойда келтирувчи йўналишларга сарфлашни афзал билган бўлар эди. Респондентларнинг 38,9 фоизи бу пулларни таълим олишга йўналтиришни танлаган бўлса, 34,5 фоизи уй-жой хариди, 30,4 фоизи соғлиқни тиклаш, 30,8 фоизи эса саёҳатни танлаган. Шунингдек, 27,7 фоиз иштирокчи тўйга кетадиган маблағни бизнес бошлаш учун ишлатишни исташини билдирган.
Сўров натижалари тўй маданиятини ислоҳ қилиш бўйича ижтимоий талаб шаклланаётганини кўрсатади. Респондентлар тўй олди ва кейинги маросимларни қисқартириш, меҳмонлар сонини камайтириш, молиявий саводхонликни ошириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш ва мактаб ҳамда олий таълим муассасаларида молиявий савод бўйича дарслар жорий этиш кераклигини қўллаб-қувватлаган. Фақат 7 фоиз одам “ҳеч нима ўзгармасин” деган фикрда бўлган. Бу эса, жамиятда ўзгаришга бўлган эҳтиёж кучайиб бораётганини англатади.
Хулоса қилиб айтганда, тўй маросимларига ортиқча сарф-харажатлар кўплаб оилаларни реал молиявий имкониятларидан чиқиб кетишга мажбур қилмоқда. Бунга жамият босими, ота-оналик мажбуриятини ошириб кўрсатиш, ёшлар орзулари ва қариндош-уруғ олдидаги ижтимоий кутилмалар сабаб бўлмоқда. Сўров натижалари эса тўйларни соддалаштириш, молиявий саводхонликни ошириш ва қадриятлар тизимида янги ёндашувларга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.