Жаҳон савдоси Трамп тарифлари туфайли 2025 йилда 1,5 фоизгача қисқариши мумкин — ЖСТ
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан бошланган савдо урушини “инқироз” деб атади ва вазият янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан бошланган савдо урушини “инқироз” деб атади ва вазият янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ташкилот 2025 йил учун савдо прогнозларини янгилаб, товарлар ва хизматлар савдосида сезиларли пасайиш кутилаётганини маълум қилди.
ЖСТ иқтисодчилари фикрича, айниқса Шимолий Америкада экспорт 12,6 фоизга, импорт эса 9,6 фоизга камаяди. Бу эса глобал савдо ҳажмига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Таҳлиллар савдо сиёсатидаги ноаниқликлар савдо оқимларини сусайтириши, экспорт ҳажмини камайтириши ва иқтисодий фаолликка салбий таъсир кўрсатишини кўрсатмоқда. Тарифлар эса кенг кўламли ва кўпинча кутилмаган оқибатларга олиб келувчи восита сифатида баҳоланмоқда.
ЖСТ маълумотига кўра, ҳозирги шароитда глобал товар савдоси ҳажми 2025 йилда атиги 0,2 фоизга ошади — бу “паст тариф” сценарийси бўйича кутилган ўсишдан деярли 3 фоиз бандга паст кўрсаткичдир.
Бироқ, агар Трамп маъмуриятининг ҳозирча тўхтатилган "ўзаро жавоб тариқасидаги божлар" яна кучга кирса, жаҳон савдоси 2025 йилда 1,5 фоизгача қисқариши мумкин.
Жорий вазиятнинг асосий сабаби сифатида АҚШ президенти Доналд Трамп кўрилмоқда. Иккинчи президентлик муддатини бошлаган Трамп кучли протексионистик сиёсат олиб бормоқда.
Апрель бошида у деярли барча давлатларга 10 фоизлик базавий бож тарифлари жорий қилинишини эълон қилди. Хитой, Ветнам ва Европа Иттифоқи каби давлатлар эса ўзаро жавоб тариқасидаги оширилган тарифларга учраган эди.
Кейинчалик Трамп тарифларга 90 кунлик пауза эълон қилганини маълум қилди. Бироқ у мазкур енгиллик Хитойга нисбатан татбиқ этилмаслигини, балки Осиё мамлакати оширилган тарифларга учрашини айтиб ўтган.
Ҳозирги вақтда Хитойга нисбатан тарифлар 145 фоизга етган. Шу билан бирга, у айрим енгилликларни ҳам эълон қилди — телефонлар ва бошқа электроника маҳсулотлари мазкур тарифлардан озод қилинди. Бу енгилликлар Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга ҳам тааллуқли.
Ўз ўрнида жавоб тариқасида Хитой ҳам 125 фоизлик бож тарифлари жорий қилган.