АҚШ Хитойни истисно қилган ҳолда юқори бож тарифларини 90 кун муддатга тўхтатди
Бу даврда, Хитойдан ташқари бошқа давлатларга 10 фоизлик ўзаро тарифлар амал қилиб, Пекинга нисбатан қўлланиладиган тарифлар 125 фоизгача оширилади.
Ушбу хабар эълон қилинганидан сўнг, олтин ва акциялар бозорларида кескин кўтарилиш кузатилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп юзлаб савдо ҳамкорларига нисбатан жорий этилган юқори тарифларни кучга кирганидан атиги 13 соат ўтиб, кутилмаганда 90 кунлик “пауза” эълон қилди.
Шунга қарамасдан, Хитойга нисбатан тарифлар янада оширилган миқдор - 125 фоизда сақлаб қолинади.
“Хитойнинг Жаҳон Бозорларига нисбатан кўрсатган ҳурматсизлигига асосланиб, АҚШ Хитойдан олинадиган тарифни 125% га кўтаради. Бу дарҳол кучга киради”, – деб ёзди Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги постида.
Трампнинг бу кутилмаган қарори молия бозорларига ижобий таъсир кўрсатди. Гарчи ҳали ҳам 10 фоизлик базавий тарифлар сақланиб қолаётган бўлса-да, мазкур эълондан сўнг фонд бозорлари ва акциялар тезда юқорига кўтарила бошлади. Жумладан, Dow индекси чоршанба куни 2,997 пунктга ёки 7,87% га ошди. S&P 500 индекси 9,5% га кўтарилди. Технологик компаниялар устунлик қиладиган Nasdaq индекси эса 12,2% га ошиб, мисли кўрилмаган натижани қайд этди.
Бозорлар сезиларли ўсмоқда
Бу S&P 500 учун 2008 йил октабрдан бери энг яхши кун, Nasdaq учун эса 2001 йил январидан бери энг юқори ўсиш бўлди. Шунингдек, Nasdaq ўсишни тарихидаги иккинчи энг юқори кунлик кўрсаткич деб атаган. Dow индекси эса охирги беш йилдаги энг катта ўсишни намойиш этди.
Европа Иттифоқидаги биржалар ҳисобланган Euro Stoxx 50 ва DAX фьючерслари ҳар бири тахминан 8 фоизга кўтарилди. Бу асосий индексларнинг март ойидаги рекорд юқори кўрсаткичларидан бошлаб кузатилган пасайишнинг қарийб ярмини қоплашига олиб келмоқда.
Акциялар ва олтин нархи
Тарифлар тўхтатиш ҳақидаги эълон авиакомпаниялар, автомобиль ишлаб чиқарувчилари ва технология компанияларига ҳам сезиларли фойда келтирди.
Авиация секторида United Airlines (УАЛ) акциялари 23% га, Delta Air Lines (ДАЛ) акциялари эса 21% га ошди. Автомобиль саноатида, тарифлар хавфи остида бўлган компаниялар, масалан, Stellantis (СТЛА) акциялари 16% га, Ford (Ф) акциялари эса 8% га ўсди.
Технология сектори компаниялари ҳам сезиларли тикланишларни кўрсатди -Apple (AAPL) акциялари 8% га, Nvidia (NVDA) акциялари 15% га, Palantir (PLTR) акциялари 19% га, ва Tesla (TSLA) акциялари ҳам 19% га ошди.
Олтин нархи ҳам тарифлар тўхтатилишига ижобий реакция бермоқда. Эълондан сўнг жаҳон бозорида олтин нархи троя унция учун $51 га(+1,66%) кўтарилди
Мазкур ўсишлар, ўтган ҳафта Президент Доналд Трамп томонидан эълон қилинган янги ва анча юқори тарифлар инвесторлар орасида хавотир уйғотиб, бозорларни қулатиб юборганидан сўнг юз берди.