Иккиламчи бозор учун қайси ипотека кредити энг жозибадор?
Ҳозирда Ўзбекистондаги мавжуд банклардан 13 таси иккиламчи бозор учун ипотека кредити ажратмоқда. Ушбу банклар орасидан энг қулай шартларга эга кредитлар рейтинги тузиб чиқилди.

Ҳозирда мамлакатдаги мавжуд банклардан 13 таси ипотека кредити ажратмоқда. Бирламчи ва иккиламчи бозордаги уйлар учун энг жозибадор ипотека кредитлари рўйхати ва таҳлили “Иқтисодий шарҳ” журналида эълон қилинган.

Микрокредитбанк 15 йил муддатга, 25% бошланғич бадал ва 24% йиллик ставкада 1,5 млрд сўмгача кредит ажратиб, рейтингнинг етакчиси бўлди.
Ўзсаноатқурилишбанк ва Ўзмиллийбанк 26% йиллик ставка, 20-25% бошланғич тўлов ва 10-15 йиллик кредит муддати билан кейинги ўринларни эгаллади.
Ипотекабанк эса 22% йиллик ставка ва 26% бошланғич бадал билан энг узоқ – 20 йил муддатга кредит ажратмоқда, аммо чекланган (450 млн сўм) маблағ туфайли тўртинчи ўринда.
Гарант Банк ва Ориент Финанс Банк 26-27% йиллик ставка, 30-45% бошланғич бадал ва 10-20 йиллик муддатда 900 млн сўмдан юқори кредит ажратиб, бешинчи-ўринларни эгаллади.
Кейинги ўринларда Халқ Банки, Тенге Банк, Турон Банк ва Агробанк 25% бошланғич бадал, 25% йиллик ставка ва 10-15 йиллик кредит муддати билан 500-820 млн сўмгача кредит тақдим этмоқда.
БРБ ва Ҳамкорбанк 26% бошланғич бадал билан мос равишда 25% ва 27% йиллик ставкада 10 йилга 500-800 млн сўмгача кредит ажратмоқда.
Рейтингнинг охирида Универсалбанк 30% бошланғич бадал ва 30% йиллик ставкада 10 йил муддатга 1 млрд сўмгача кредит таклиф қилмоқда.