Ижара ёки ипотека: қайси бири фойдалироқ?
Pinkod ҳар иккала вариантнинг ўзига хос афзалликлари ва камчиликларини ҳисоблаб, қайси бирини танлаш молиявий жиҳатдан фойдалироқ эканлигини аниқлашга ҳаракат қилди.

Тошкент шаҳрида уй-жой масаласи кўпчилик учун долзарб мавзулардан бири ҳисобланади.
Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали хонадонни ижарага олиш бугунги кунда 400 доллар атрофида, яъни ҳозирги курс бўйича тахминан 5,176,000 сўмни ташкил этади. Ижара нархлари ҳар йили инфляция ҳисобига ўртача 10% га ошиб боради. Шу сабабли, узоқ муддатда бу рақам анча катталашиши мумкин.
Ипотека кредитлари эса давлат томонидан ҳозирда 19,5% фоиз ставкаси билан 20 йилгача муддатга тақдим этилади. Тошкент шаҳрида кредит миқдори 800 миллион сўмгача белгиланган, бошланғич тўлов эса ўртача 25% атрофида бўлади. Бироқ, айрим ҳолларда бирламчи бозордан уй-жой харид қилинганда, уни топшириш муддати 1,5-2 йилгача чўзилиши мумкин. Бу эса хонадон топширилгунча барибир ижарада туриш керак эканлигини англатади.
Биз ипотека кредити учун мисол танлашда энг қулай шартдаги, ҳақиқий уй харид қилишга етадиганини танлаб олдик. Банкларда бундан юқори ёки паст фоиз шартлари ҳам мавжуд.
Қайси бири фойдали эканлигини ҳисоблашдан аввал иккала вариантининг ҳам афзаллик ва камчиликларига юзланиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Ижара
Афзалликлари:
- Бошланғич тўлов талаб этилмайди – ижарада яшаш учун катта миқдорда дастлабки тўлов қилиш шарт эмас. Бир ойлик тўлов билан уйга кириб яшаш мумкин.
- Ҳаракатланиш эркинлиги – агар бошқа жойга кўчиш зарурати туғилса, ижарачи учун бу ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Хоҳлаган вақтда яшаш жойини ўзгартириш имконияти мавжуд.
- Уй эгалигига боғлиқ масъулиятлар йўқ – уйга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва шу каби ишлар билан уй эгаси шуғулланади.
Камчиликлари:
- Ижара нархларининг доимий ўсиши – ижара нархлари ҳар йили тахминан 10-11% га ошиб боради. Масалан, 5 йилдан кейин 400 долларлик ижара 650-700 долларга (8 400 000 – 9 000 000 сўм) етиши мумкин.
- Узоқ муддатда фойдасиз харажат – 20 йил ижара тўласангиз, миллионлаб сўм сарфлайсиз, лекин уй сизники бўлиб қолмайди. Масалан, 20 йилда ижара ҳаққини ўртача 800 доллардан (10 352 000 сўм) ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, умумий харажат 2,4 миллиард сўмдан ошади.
- Ижара шартлари ўзгариши мумкин – уй эгаси шартномани бекор қилиши ёки ижара тўловини вақт ўтиши билан ошириши мумкин.
Ипотека
Афзалликлари:
- Келажакда ўз уйига эга бўлиш имконияти – 20 йил тўловдан сўнг уй тўлиқ сизники бўлади. Тошкентда уй-жой нархлари ўсиб бораётганини ҳисобга олсак, бу сармоя сифатида ҳам фойдали.
- Ўз мулкига эгалик қилиш ҳисси – ипотека кредитида харидор уйидан исталганча фойдаланиши ва уни ўз дидига мос тарзда жиҳозлай олади.
- Уй қийматининг ошиши – вақт ўтиши билан кўчмас мулк нархи кўтарилади, бу эса молиявий жиҳатдан фойдали бўлиши мумкин.
Камчиликлари:
- Бошланғич тўловнинг юқорилиги – биз танлаган вариантда ўртача 25% бошланғич тўлов талаб қилинади, бу эса кўпчилик учун катта маблағдир.
- Узоқ муддатли мажбурият – 600 млн сўм кредитни 19,5% фоиз билан 20 йилга олсангиз, ойлик тўлов деярли 10 млн сўм бўлади (ҳисоб фоиз ставкаси ва бошланғич тўлов миқдорига қараб ўзгариши мумкин). Бу эса расмий даромадингиз юқори бўлишини талаб қилади.
- Янги уйларнинг бирдан топширилмаслиги – қурилиш компаниялари баъзан уйни харидорга 1,5-2 йил ичида етказиб бериши мумкин.
Қайси бири фойдалироқ?
Ижара: 20 йилда ўртача 3,5 миллиард сўм сарфлайсиз, лекин уй сизники бўлмайди.
Ипотека: 20 йилда 2,3 млрд сўмдан кўпроқ тўлайсиз (фоизлар билан), лекин уй сизники бўлади. Агар уй нархи ошса, бу фойдали сармояга айланади.
Ҳар бир вариант ўзига хос афзаллик ва камчиликларга эга. Агар шахс қисқа муддатга яшашни режалаштираётган бўлса ва молиявий жиҳатдан барқарор бўлишни хоҳласа, ижара яхшироқ танлов бўлади. Бироқ, узоқ муддатли истиқболда, агар доимий яшаш учун уй изланаётган бўлса, ипотека яхшироқ ечим бўлиб хизмат қилади.