Bitcoin нархи 2022 йил июнидан бери энг паст даражага тушди
24 февраль куни Bitcoin нархи 2022 йил июнь ойидан бери илк маротаба 63 минг доллардан пастга тушди.

24 февраль куни Bitcoin (БТC) нархи 63 минг доллардан пастга тушиб кетди. Бу 2022 йил июнь ойидан бери кузатилган энг паст нархдир. Сўнгги 24 соат ичида криптовалюта нархи 4,11 фоизга пасайди.
Ҳозирги пасайиш макроиқтисодий омиллар ва бозор кайфиятидаги ўзгаришлар билан изоҳланмоқда.
Аввало, глобал иқтисодий фон ноаниқлигича қолмоқда. АҚШда импорт божларини, жумладан айрим товарлар учун 15 фоизгача ошириш таклифлари пайдо бўлгани молия бозорларида хавотирни кучайтирди. Натижада инвесторлар хавфли активлардан чиқиб, хавфсизроқ йўналишларга ўтишни бошлади.
Жонли Bitcoin нархи билан қуйида танишиш мумкин:
Бундан ташқари, сунъий интеллект сабабли меҳнат бозорида ишсизлик ошиши мумкинлиги ҳақидаги салбий тадқиқот ҳисоботининг тарқалиши ҳам инвесторлар кайфиятига таъсир кўрсатди. Ушбу ҳисобот ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, иқтисодий келажак борасида қўшимча хавотирларни юзага келтирди. Натижада инвесторлар рискли активларни портфелидан чиқаришга мажбур бўлди.
Яна бир муҳим омил — АҚШдаги спот Bitcoin ЭТФълари кетма-кет беш ҳафта давомида соф маблағ чиқимини қайд этди. Йил бошидан буён умумий чиқимлар қарийб 4,5 миллиард долларни ташкил этган. Бу эса институционал инвесторлар орасида ҳам эҳтиёткорлик кучайганини кўрсатади.
Таҳлилчиларнинг айтишича, сўнгги уч ҳафта ичида йирик корпоратив инвесторлар олдинги каби Bitcoin тўплаш ўрнига, аксинча, уни сотишга ўтган.









