Банклардаги муаммоли кредитлар (NPL) бир ойда 580 млрд сўмга ошди
1 март ҳолатига кўра банклардаги жами кредит портфели 6 трлн сўмга кўпайиб, 540 трлн сўмдан ошди. NPL ҳажми эса энг кўп Ипотекабанк (+297 миллиард сўм) ва Ўзмиллийбанк (+223 миллиард сўм)да ўсди.

Марказий банк ҳисоботига кўра, 2025 йил 1 март ҳолатида Ўзбекистон банк тизимининг жами кредит портфели 6 трлн сўмга кўпайиб, 540 трлн сўмдан ошди. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми бир ой ичида 580 млрд сўмга ортиб, 24,3 трлн сўмга етди.
Давлат банкларидаги ҳолат
Ўтган ойдан фарқли равишда февралда энг кўп NPL ўсиши давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келмади. Бу ойда давлат улуши мавжуд банкларнинг NPL ҳажми 198 млрд сўмга кўпайиб, 17 трлн сўмдан ошди.
Давлат банклари орасидаги энг катта кредит портфелига эга бўлган(108,1 трлн сўм) Ўзмиллийбанкдаги NPL миқдори февраль ойида 223 млрд сўмга кўпайиб 4 трлн сўмга етди. Шунингдек, Микрокредитбанк (+35 млрд сўм), Туронбанк (+14 млрд сўм), Алоқабанк (+10 млрд сўм) ва Асакабанк (+2 млрд сўм)да ҳам НПЛ ўсиши кузатилди.

Ўзсаноатқурилишбанк (-42 млрд сўм), БРБ (-16 млрд сўм), Халқ банки (-14 млрд сўм) ва Агробанк (-11 млрд сўм)да эса муаммоли кредитлар камайди. NPL улуши бўйича БРБ давлат банклари орасида энг юқори кўрсаткичга эга (9 %), энг паст кўрсаткич эса Алоқабанкда (2,6 %) кузатилган.
Хусусий банклардаги ҳолат
Февраль ойида энг кўп NPL ўсиши давлат улуши мавжуд бўлмаган банклар ҳисобига тўғри келди. Ушбу банклардаги муаммоли кредитлар ой давомида 382 млрд сўмга кўпайиб, 7,3 трлн сўмга етди.
.jpg)
Энг катта кредит портфелига эга Ипотекабанк (34,7 трлн сўм) муаммоли кредитлари 297 млрд сўмга ошиб, 3,8 трлн сўмни ташкил этди. Шунингдек, Капиталбанк (+93 млрд сўм), Гаратбанк (+7 млрд сўм, жами портфелнинг 21,7 %), TBC банк (+21 млрд сўм), Даврбанк (+17 млрд сўм) ва Анорбанк (+14 млрд сўм)да ҳам NPL ўсиши кузатилди.
Айни пайтда, Ҳамкорбанк (-40 млрд сўм), Мадад Инвест Банк (-24 млрд сўм) ва бошқа бир неча банкда муаммоли кредит пасайиши кузатилди.