Алоқабанк бошқаруви раиси ўринбосари Акмал Холмурадов лавозимидан озод қилинди
Алоқабанк бошқаруви раиси ўринбосари Акмал Холмурадов ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнига корпоратив бизнес раҳбари Олтибой Турсуновнинг бошқарув аъзолигига номзоди маъқулланди.
Туронбанкдаги ўхшаш қарор каби, бу сафар ҳам бош вазир ўринбосарининг кўрсатмаси ва Марказий банк хати тилга олинган.
Бир-биридан мустақил манбаларнинг маълум қилишича, бошқа давлат банкларида ҳам шунга ўхшаш кадрлар ўзгариши кутилмоқда.

Алоқабанк бошқаруви раиси ўринбосари Акмал Толмасович Холмурадов ўз аризасига биноан лавозимидан озод қилинди. Банк кузатув кенгаши 30 сентябрда унинг бошқарув аъзоси сифатидаги ваколатларини ҳам муддатидан олдин тугатишга қарор қилган. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган ҳужжатда маълум қилинган.
Ҳужжатга кўра, Холмурадов 30 сентябрдаги аризасида меҳнат шартномасини огоҳлантириш муддати тугамасидан олдин, 2026 йил 5 октябрдан ўз хоҳишига кўра бекор қилишни сўраган. Бошқарув раиси Каммуна Ирисбекова унинг аризасини кўриб чиқиб, лавозимидан озод этишни таклиф қилган.
Баённомада бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг кўрсатмаси ва Марказий банкнинг 2026 йил 4 сентябрдаги 32-03/773-сон хати ҳам тилга олинган.
Унда Марказий банк таклифига розилик берилгани, кўтарилган масалани кузатув кенгаши йиғилишида кўриб чиқиш ва тегишли чоралар кўриш сўралгани қайд этилган. Эълон қилинган кўчирмада таклифнинг тўлиқ мазмуни келтирилмаган.
Аввалроқ Туронбанк бошқаруви раиси ўринбосари Зоҳиджон Обидовни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги қарорда ҳам бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг кўрсатмаси ва Марказий банкнинг 4 сентябрдаги хати тилга олинган эди. Иккала ҳолатда ҳам лавозимдан озод қилиш раҳбарларнинг ўз аризасига асосланган.
Бир-биридан мустақил манбаларнинг маълум қилишича, бошқа давлат банкларида ҳам шунга ўхшаш кадрлар ўзгариши кутилмоқда. Ҳозирча қайси банклар ва раҳбарлар ҳақида гап кетаётгани расман эълон қилинмаган.
Кузатув кенгаши Холмурадовнинг ўрнига корпоратив бизнес раҳбари Олтибой Умирзакович Турсуновнинг банк бошқаруви аъзолигига номзодини маъқуллаган.

У лавозимга киришишидан олдин номзоди Марказий банк билан келишилиши керак. Шундан сўнг унинг меҳнат шартномасига тегишли ўзгартишлар киритилади.
Қарорда Турсуновнинг бошқарув аъзолигига номзоди маъқулланган бўлиб, уни бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинлаш алоҳида белгиланмаган.
Банкнинг расмий сайтидаги маълумотга кўра, Турсунов 1974 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. У 1996 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини, 2007 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. Банк соҳасида 1996 йилдан буён фаолият юритади.
Корпоратив бизнес раҳбари сифатида у корпоратив кредит амалиётлари ҳамда корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишни мувофиқлаштирувчи бўлинмалар фаолиятини бошқаради.









