AI технологиялари қанчалик самарали бўлса, ундан фойдаланиш шунчалик ошади
Худди замонавий чироқлар истеъмолни камайтириш ўрнига ёруғлик ифлосланишига олиб келгани каби AI ҳам ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига кириб бориши мумкинми?
Жевонс парадоксига кўра, бунинг эҳтимоли мавжуд.

1865 йилда иқтисодчи Уилям Стенли Жевонс кўмир самарадорлигидаги ўзгаришлар унинг истеъмолини камайтирмасдан, аксинча, оширишга олиб келишини башорат қилган эди. The Economist нашри бу ҳолат сунъий интеллект билан ҳам содир бўлиши мумкин эканлигини таъкилади.
Ушбу ҳодиса иқтисодда Жевонс парадокси номи билан танилган бўлиб, у ресурслардан самаралироқ фойдаланиш, уларнинг умумий талабини камайтириш ўрнига кўпроқ оширишини англатади. Бугунги кунда худди шу назария сунъий интеллектга (AI) нисбатан қўлланилмоқда. Технологик гигантлар, жумладан, Microsoft арзонроқ ва самарали AI моделларининг эксплуатация миқёсини ўзгартириш эҳтимолини ўрганмоқда.
AI’даги Жевонс парадокси: DeepSeek муаммоси
Тасаввур қилинг, AI самарадорлигини ошириш унинг истеъмолини камайтирмайди, аксинча, мисли кўрилмаган талабни юзага келтиради. Бу – Жевонс парадоксининг моҳиятидир. Яқинда содир бўлган воқеа бу масалани яна кун тартибига олиб чиқди.
Хитойнинг DeepSeek номли янги чатботи Америка компанияларининг маҳсулотларига кучли рақиб бўлиб, энергияни тежамли сарфлаш қобилияти билан ажралиб туради. Microsoft бош директори яқинда жойлаган твитида DeepSeek ривожи ортидан Жевонс парадоксига мурожаат қилиб, AI технологиялари арзонлашиб ва оммалашиб борган сари дата-марказлар, Nvidia чипларига ва ҳатто ядровий энергияга талаб ортишини таъкидлади. Бундан ташқари, Хитой компаниялари томонидан бошқа арзон AI’лар, янада кучли эканлиги айтилаётган Qwen 2.5 чат боти ва расмларни видео ҳолатига келтирувчи Omnihuman сунъий интеллекти тақдим этилганлиги бу соҳада ривожланиш қанчалар тезлашаётгани кўрсатади.
AI ҳам худди шундай йўлни танлайдими?
Жевонс парадокси кўплаб соҳаларда тасдиқланган. Масалан, ёритишда энергия самарадорлиги борган сари ошган бўлса-да, бу ёритишни камайтиришга эмас, аксинча, янада кўпайтиришга олиб келган. Бобил ёғ чироқларининг хира нуридан тортиб, замонавий ёрқин LED чироқларигача бўлган жараён шаҳарларни ўзгаришларга олиб келиб, ҳатто бугунги кунда ёруғлик ифлосланиши муаммоси муҳокама қилинишига сабаб бўлди.
Агар сунъий интеллект ҳам шу йўналишда ривожланса, AI нафақат одамларнинг электрон почта хабарларига жавоб берувчи восита бўлиб қолади, балки кундалик ҳаётдаги қарорларни ҳам бошқариши мумкин. У киши нима ейишидан тортиб, бўш вақтини қандай ўтказишигача бўлган танловларга таъсир кўрсатадиган даражага етади.
Шу билан бирга, AI’нинг таъсири қанчалик кенг бўлиши турли омилларга боғлиқ. Агар у қиммат хизматларни қулай ечимлар билан алмаштира олса, талаб кескин ошади. Аммо AI оддий эҳтиёж эмас, балки ҳашамат даражасида қолса, унинг оммавийлашиши анча қийин кечади. Ҳозирги статистика ҳам шуни тасдиқлайди: АҚШ компанияларининг бор-йўғи 5 фоизи AI’дан фаол фойдаланмоқда, яна 7 фоизи жорий қилишни режалаштирган. Бу эса унинг оммавийлашиши учун ҳали кўп тўсиқлар борлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, самарадорлик AI’дан фойдаланиш кўламини ошириши мумкин. Бироқ унинг таъсири қандай бўлиши AI технологияларининг кундалик ҳаётга қанчалик чуқур сингишига боғлиқ.