Навоий кон-металлургия комбинати 2024 йилда $2,1 млрддан ортиқ соф фойда олди
Жаҳоннинг етакчи олтин қазиб олувчи корхонаси 2024 йилни $2,1 млрддан кўпроқ соф фойда билан якунлади. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 44,6 фоиз ёки $659 млнга кўпроқдир. Фойда ўзбек сўмида ифодаланганда 27,7 триллион сўмни ташкил қилади.

Навоий кон-металлургия комбинати 2024 йил учун аудитланган молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, компания фойдаси сезиларли даражада ошган.
Жаҳоннинг етакчи олтин қазиб олувчи корхонаси 2024 йилни $2,1 млрддан ортиқ соф фойда билан якунлади. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан $659 млнга кўпроқдир. Фойда ўзбек сўмида ифодаланганда 27,7 триллион сўмни ташкил қилади.

Компаниянинг умумий савдо айланмаси $7,4 млрдни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан $1,7 млрдга ошган. Операцион фойда эса $3,9 млрдга етган.
2024 йил давомида НКМК $1,45 млрд (18,8 трлн сўм) миқдорида даромад солиғи тўлаган. Жами солиқ тўловлари тақрибан $2,7 млрдга (35,5 трлн сўм) тенг бўлиб, комбинат мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчи сифатида қайд этилган. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланган солиқларнинг учдан бир қисмидан ортиғи айнан НКМК ҳиссасига тўғри келади.
Комбинатнинг жами активлари 2024 йил ҳолатига кўра $8,8 млрдни ташкил қилмоқда — кўрсаткич йил бошидан буён $0,3 млрдга ошган. Шу билан бирга, мажбуриятлар ҳам $0,2 млрдга кўпайиб, умумий ҳисобда $3,8 млрддан етган.
НКМК Лондон биржасида IPO ўтказиши мумкин
Ҳисоботда қайд этилишича, Навоий кон-металлургия комбинати 2024 йил октябрь ойида умумий қиймати $1 млрдга тенг бўлган евробондларни Лондон фонд биржасига жойлаштирган. Мазкур евробондлар 2028 ва 2031 йилларда қайтарилиши режалаштирилган. Ушбу жараёнда Citigroup Inc. ва JPMorgan Chase & Co. молиявий воситачи сифатида иштирок этган.
Bloomberg’нинг хабар беришича, 2025 йилнинг ярмида НКМК умумий қиймати $5,2 млрдга тенг акцияларни бирламчи оммавий таклиф (ИПО) орқали жойлаштириши мумкин. Ушбу жараёнда Rothschild & Co. IPO бўйича маслаҳатчи сифатида фаолият юритмоқда.