Автомобиль бозорида жонланиш: апрель ойида енгил автомобиллар савдоси 20 фоизга ортди
Жорий йил апрель ойида Ўзбекистонда енгил автомобиллар савдоси 20 фоизга ортиб, 77 минг донадан ошди.
Умумий автомобиль савдоси эса 90 мингга яқинлашиб, ўтган ойга нисбатан 17 фоизга кўпайди.
Бозордаги фаоллик аксарият ҳудудларда ортиб, Сирдарё вилоятида 34 фоиз, Тошкент шаҳрида 32 фоиз ва Қорақалпоғистонда 29 фоиз ўсиш қайд этилди.

Икки ой давом этган пасайишдан сўнг, 2025 йил апрель ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида ижобий динамика қайд этилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоботида келтирилган.
Ўтган ойга нисбатан умумий савдо ҳажми 17 фоизга ортиб, деярли 90 минг дона автомобиль сотилди. Айниқса, енгил автомобиллар сегментида сезиларли фаоллик кузатилди — бу тоифадаги транспорт воситалари савдоси 20 фоизга кўпайиб, 77 минг донадан ошди.
Савдо ҳажмидаги ўсиш аксарият ҳудудларда яққол намоён бўлди. Хусусан, Сирдарё вилоятида автомобиль савдоси 34 фоизга, Тошкент шаҳрида 32 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 29 фоизга ошди. Бу ҳудудларда истеъмолчиларнинг фаоллиги ва талабнинг ортганини кўрсатмоқда.
Бирламчи автомобиль бозори
Бирламчи автомобиль бозорида ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотуви 20,5 минг донани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 4 фоизга ошди. Умуман олганда, бирламчи бозордаги савдолар 15 фоизга ўсиб, 26 минг дона автомобилга етди. Шу билан бирга, янги хорижий автомобиллар сегментида эса савдо икки бараварга ошиб, ой якунида 5,3 минг дона автомобиль сотилди.

Иккиламчи автомобиль бозори
Март ойида икки фоизга қисқарган иккиламчи бозор эса апрель ойида тезкор тикланишни кўрсатди. Фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 22 фоизга кўпайиб, 52 минг донани ташкил этди. Бу сегментдаги тикланиш бозордаги умумий жонланишнинг муҳим белгиларидан биридир.
Электромобиллар
Электромобиллар сегментида эса апрель ойида савдо ҳажми ўтган ойга нисбатан 10 фоизга пасайди. Бироқ йиллик солиштирма кўрсаткичлар бўйича бу сегмент барқарор ўсишни намоён этмоқда — 2024 йил апрелига нисбатан электромобиллар савдоси 37 фоизга ортган.