Ўзмиллийбанк биринчи чоракда деярли ярим триллион сўм соф фойда олди
Очиқланган молиявий ҳисоботга кўра, банк йилнинг дастлабки чорагида 467,9 млрд сўм соф фойда олган.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (NBU) 2025 йил биринчи чораги учун молиявий ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботда кўрсатилишича, банк чорак якунида 467,9 миллиард сўм соф фойда қайд этган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бироз (0,5 фоиз) юқоридир. Ҳозирда банкнинг умумий активлари 136,9 трлн сўмга ($10,54 млрд) етган бўлиб, йил бошидан бери 1,9 трлн сўмга ошган. Устав капитали эса 16,2 трлн сўмни ташкил қилмоқда.
Январь-март ойларида Миллий банк 4,1 трлн сўм фоизли даромад олган. Бироқ, кредит ва лизинг фаолиятидан келиб чиқиши мумкин бўлган зарарлар инобатга олинганда, фоизли даромад бўйича 1,2 трлн сўм зарар қайд этилган. Шу билан бирга, фоизсиз даромадлар 2,4 трлн сўмни ташкил этди.
Банк ушбу чоракда 17 млрд сўмлик солиқ тўлаган. Барча харажатлар чегирилгандан сўнг, соф фойда 467,9 млрд сўмни ташкил қилди.
Кредит портфели ҳолати
1 март ҳолатига кўра, NBU’нинг кредит портфели 108,1 триллион сўмни ташкил этган. Шунингдек, муаммоли кредитлар миқдори 4 триллион сўмга тенг. Банк мазкур икки кўрсаткич бўйича мамлакатда етакчи ҳисобланади.