TBC Bank соф фойдаси биринчи чоракда 60 фоизга камайди
Барча харажатлар чегириб ташлангандан сўнг, TBC Bank биринчи чоракни 31,9 миллиард сўм соф фойда билан якунлади. Бу натижа ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 60 фоизга камдир.

TBC Bank биринчи чорак якунлари бўйича молиявий ҳисоботини очиқлади.
Bank ҳисоботига кўра, жами активлари 11,8 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу кўрсаткич ҳисобот даври бошидан буён 2,1 триллион сўмга ёки 21,6 фоизга кўпайган.
Ҳисобот даврида банк мажбуриятлари ҳам ошди. Хусусан, жами мажбуриятлар 28,7 фоизга ўсиб, 9,3 триллион сўмни ташкил этди.
TBC Bank ҳисобот даврида 940,3 миллиард сўмлик фоизли даромад олди. Шу билан бирга, банкнинг соф фоизли даромади 222,7 миллиард сўмни ташкил этди. Фоизсиз даромадлар эса 218,5 миллиард сўмга етди.

Bank биринчи чорак давомида ходимлар иш ҳақи ва бошқа харажатларга жами 101,4 миллиард сўм маблағ сарфлади. Бундан ташқари, банк томонидан тўланган даромад солиғи миқдори 45 миллиард сўмни ташкил этди.
Барча харажатлар чегириб ташлангандан сўнг, TBC Bank биринчи чоракни 31,9 миллиард сўм соф фойда билан якунлади. Бу натижа ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,8 миллиард сўмга ёки қарийб 60 фоизга камдир.
Шунингдек, 1 апрель ҳолатига кўра, банкнинг жами кредит портфели 9,2 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Кредит портфелининг 3,3 фоизи ёки 304 миллиард сўми муаммоли кредитлар тоифасига киради.